Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби замонавий транспорт логистика марказида бўлди
3373
Бугун куннинг иккинчи ярмида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби К.Микурия Президентимиз ташаббуси билан Зангиота туманида 14 гектар ҳудудда барпо этилган “High Way Logistics Centre” замонавий транспорт логистика марказига ташриф буюрди.
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби замонавий транспорт логистика марказида бўлди

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 300 та юк автомашинасини қабул қилиш имконияти ва божхона назорати остида товарларни сақлаш учун божхона омбори фаолияти йўлга қўйилган. “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг ҳам бевосита мазкур логистика марказида иш бошлагани тадбиркорлар учун айни муддао бўлди.

Постда рухсатнома ҳужжатларини берувчи турли идоралар, банк, логистика ва брокерлик ташкилотлари вакилларининг бир дарча тамойили асосида иш юритаётгани, “фронт-офис”лар хизматининг йўлга қўйилганлиги, юкларни сканер қилувчи замонавий ва жаҳон талабларига тўлиқ жавоб берувчи рентген қурилмалари билан жиҳозланганлиги божхона назорати ва расмийлаштирувининг қисқа муддатларда амалга ошишига хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, экспорт шартномаларини божхона органларида ҳисобга қўйиш, ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) товарлар номенклатураси кодларини аниқлаш учун эксперт хулосасини тақдим этиш каби тартиблар бекор қилинди, содда қилиб айтганда божхона соҳасидаги рухсат беришга доир 10 турдаги рухсатнома ва тартиботлардан воз кечилди.

Эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан туриб. тўғридан-тўғри интернет орқали реал вақт режимида божхона органларига божхона юк декларациясини тақдим этиш имкониятига эга бўлишди.

Бу жараёнда уларни қўллаб-қувватлаш, амалий кўмак бериш мақсадида 2019 йил 1 февралдан бошлаб Тошкент минтақасидаги божхона постларида тадбиркорларга божхона юк декларацияларини тўлдириш бўйича тажриба тариқасида беғараз хизмат кўрсатувчи махсус “фронт-офис” гуруҳлари иш бошлади.

Шунингдек, тадбиркорларимиз шартнома тузмасдан, тўловни интернет тармоғи орқали халқаро тўлов тизимлари ёрдамида амалга оширган ҳолда, битта инвойс асосида 5000 АҚШ долларигача бўлган миқдордаги товар ва хизматларни экспорт қилиш имконига эга бўлишди.

2018 йилда соҳага 17 турдаги ахборот тизимлари ҳамда 4 та интерактив хизматлар, шу жумладан “Интеграциялашган тариф” хизмати жорий қилинди. Шу зайлда айни пайтда божхона органлари фаолиятида қўлланилаётган ахборот тизимлари сони 40 дан ошди.

Божхона расмийлаштируви жараёнларнинг автоматлаштирилганлиги туфайли 99.9% божхона юк декларациялари электрон шаклда расмийлатирилмоқда. Тадбиркорларнинг масофадан туриб, электрон шаклда божхона органларига тақдим қилаётган божхона юк декларацияларини қабул қилиш, тақсимлаш ва рўйхатга олиш ишларига атиги 5 дақиқа сарфланмоқда, холос. Вахоланки, илгари бунинг учун 2 соат вақт сарфланарди.

Халқаро савдода товарлар етказиб бериш занжирининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ҳозирги кунда республиканинг юк ўтиш хажми катта бўлган 16 та автомобиль ва темир йўл чегара божхона постларига ўрнатилган 18 та инспекцион-кўрик комплекслари божхона назорати жараёнида қўлланилмоқда. 2018 йил ва 2019 йил бошида 4 та темир йўл чегара божхона постларига қиймати 16 миллион АҚШ доллари бўлган 4 та испекцион-кўрик комлекслари ўрнатилди.

Замонавий транспорт логистика марказидаги мавжуд шарт-шароитлар Бош котибда чуқур таассурот қолдирди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

6.03.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг