Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида Қирғизистон элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2136
Давлат божхона қўмитаси Раиси Муротжон Азимов ва Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Иброҳим Жунусов билан учрашув бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида Қирғизистон элчиси билан учрашув бўлиб ўтди

Учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки иккала мамлакат ўртасидаги божхонага доир ҳамкроликка шу вақтга қадар  имзоланган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Давлат божхона хизмати ўртасида 2017 йил 13 декабрда тузилган Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида товар ва транспорт воситаларини олиб ўтишда божхона операцияларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартибини («Соддалаштирилган божхона йўлаги») ташкил этиш тўғрисида Битим ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда.

Мазкур битимлар самараси ўлароқ божхона назорати, давлат чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари ҳақида маълумотлар алмашиш, контрабанда ва божхона қоидабузарликларини фош этиш, қурол-яроғ, портловчи, психотроп ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишларида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Айниқса сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг чегарадош давлатлар билан яқин дўстлик ва қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган фаол саъй-ҳаракатлари божхона соҳасида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Биргина 2018 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлардаги ҳудудий божхона бошқармалари раҳбарлари иштирокида 5 маротаба ишчи учрашувлар ташкил қилинди ва муҳим масалалар атрофлича кўриб чиқилган.

Элчи билан учрашувда 2016 йилда фаолияти тўхтатиб қўйилган Қирғизистоннинг Новкент туманидаги “Кенсай” ўтказиш пункти фаолиятини қайта тиклаш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Наманган вилоятидаги “Учқўрғон” чегара-божхона пости билан туташ мазкур пункт орқали 2011-2015 йиллар давомида 75 мингдан ортиқ фуқаролар ва 2,2 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари ҳаракатланган.

“Кенсай” ўтказиш пунктининг қайта тикланиши Андижондаги “Дўстлик” чегара-божхона пости орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ва транспорт воситалари оқимининг тартибга солиниши ва сезиларли равишда қисқаришига олиб келади. Натижада, божхона назорати ва расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт ҳам янада қисқаради.

Учрашув самимий ва очиқ руҳда бўлиб ўтди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

14.02.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг