Саидакбар Нажимов 1964 йил 12 июлда Тошкент вилояти Зангиота туманида хизматчи оиласида туғилган. 1979 йил тумандаги 39-ўрта мактабнинг 8-синфини битириб, 190-касб-ҳунар билим юртида таҳсил давом эттирган. 1982-1984 йиллар давомида муддатли ҳарбий ҳизматни ўтаб қайтгач, бир қатор корхоналарда меҳнат қилган.
1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тизимида, сўнгра Тошкент вилояти божхона бошқармасига қарашли божхона постларида хизмат қилган.
1992 йил 25 август куни Саидакбар Нажимов хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган.
С.Нажимов халқи ва Ватани олдидадги садоқатли хизматлари учун вафотидан сўнг “Жасорат” медали ҳамда 2017 йилда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 25 йил” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ўша куни Саидакбар Нажимов тартибга кўра божхона постидан чиқиб, айланман йўлларни назорат қилиш учун отланади. Бироқ орадан анча вақт ўтса-да қайтавермагач, пост ходимлари уни қидиришга тушади. Афсуски, сафдошлари унинг мурдаси устидан сиқади. Аниқланишича, тўсатдан дуч келиб қолган контрабанда билан шуғулланувчи бир гуруҳ жиноятчилар С.Нажимовга ҳужум уюштириб, унга қарата бир неча маротаба ўқ узган...
Саидакбар Нажимовнинг қисқа, лекин сермазмун ҳаёт йўлига назар ташлар экансиз, унинг ҳарбий бўлишдек орзуси йўлида қанчалик машққат чекканлигига гувоҳ бўласиз. У турли ташкилот ва корхоналарда тракторчи, қоровул, машинист, хўжалик ишчиси бўлиб фаолият кўрсатган. Ёшлигидан меҳнат қилиб улғайган С.Нажимов ўзига юклатилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан бажариб, жамоа орасида ҳамиша обрў-эътибор қозонган.
Маҳалладошлари унинг жамоатчилик ишларида ҳам фаол бўлганини эслайди. Ҳашар ва тўй-маъракаларда барчанинг бошини қовуштириб, ўзи намуна бўлиб хизмат қилганларини таъкидалашади. “Айниқса, у катта ош дамлаб, нон ёпиб ҳаммани ҳайратга соларди”, дейди маҳалла фаоллари. Бу ҳунарлар унга ота-бобосидан ўтган экан.
Саидакбар Ражимов 1986 йил турмуш қурган. Бу оилада 3 нафар фарзанд дунёга келган. Ҳозир тўнғич ўғли Саҳобиддин отасининг шарафли касбини давом эттириб, божхона хизмати капитани унвонига эришган.
Саидакбар Нажимовнинг оиласи ҳолидан ҳамкасблари, ҳокимият вакиллари ва маҳалла фаоллари доимо хабар олиб туради. Унинг ёрқин хотираси қалбларда мангу яшайди. Ватан ҳеч қачон ўз фидойи фарзандларини унутмайди. Саидакбар Нажимов хотирасини абадийлаштириш мақсадида у хизмат қилган Тошкент вилояти божхона бошқармасининг 10-божхона пости унинг номи билан аталган ва унинг ҳурмати шарафига ёдгорлик ўрнатилган.
1.12.2019