Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тўрткўлда тадбиркорлар божхона соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилинди
1959
Сўнги вақтларда божхона соҳасидаги бўлаётган ўзгаришлар, янги қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига тушунтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан “Тўрткўл” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида учрашув ташкил этилди.
Тўрткўлда тадбиркорлар божхона соҳасидаги янгиликлардан хабардор қилинди

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармонининг мазмуни тўғрисида тушунчалар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминалларини, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида қуриш тўғрисидаги таклифлар маъқулланганлиги, жорий йилнинг 1 декабрь кунидан сариқ ва  қизил йўлаклар, 2019 йил 1 мартидан бошлаб яшил ва кўк йўлаклар орқали божхона расмийлаштирувини амалга ошириш бўйича хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими жорий этилганлиги таъкидланди.

Қолаверса, барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини божхона органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб ҳамда товарларни импорт қилишда ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодлари тўғри қўлланилганлиги тўғрисидаги эксперт хулосасини талаб қилиш амалиёти бутунлай бекор қилинганлиги тадбиркорларга яратилган яна бир енгиллик эканлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг жорий йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4059-сонли қарорига асосан, халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда, муайян товарлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинганлиги, шунингдек тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилиши тўғрисида атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 1028-сонли қарорига асосан божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низом янги таҳрирда тасдиқланганлиги ҳамда ушбу низомга асосан божхона омборлари учун қўйиладиган талаблар тўғрисида тадбир қатнашчилари эътиборига етказилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 декабрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5600-сон фармонига асосан, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштиришнинг шарти сифатида фаолият бошланганидан кейин иккинчи молиявий йили якунларига кўра икки йил давомида йиллик ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 25 фоизидан кам бўлмаган, кейинги йилларда 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда экспорт қилиш белгиланганлиги ва мазкур шартлар бажарилмаган тақдирда, тадбиркорлик субъектининг эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми ҳамда аввал тақдим этилган имтиёзлар бекор қилиниши ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, эркин иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича маъмурий кенгашлар томонидан қарорлар, бизнес-режалар ва техник-иқтисодий асосларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» давлат унитар корхонасининг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда қабул қилиниши белгиланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

30.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг