Аммо, айрим шахслар томонидан мазкур тартибларга риоя қилмасдан туриб, заргарлик буюмларини божхона назоратидан яширган ҳолда олиб киришга уринишлар кўзга ташланмоқда.
Яқинда Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари божхона чегара постлари орқали заргарлик буюмларини ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги қонунбузарлик холатларини фош қилишди.
Жумладан, “Ғишткўприк” чегара божхона постида пиёда равишда кириб келган фукаролардан бири қўл сумкасида божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида тақдим қилмасдан туриб, 222 гр. оғирликдаги кумуш тақинчоқларни олиб кираётганида тўхтатиб қолинди.
Шундан сўнг, ушбу аёл холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, бўйнига тақиб олган рўмолига ҳам 99 гр. оғирликдаги кумуш тақинчоқларни яширганча олиб кирмоқчи бўлганлиги маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ушбу аёл яширин равишда олиб ўтмоқчи бўлган кумуш тақинчоқларнинг умумий қиймати 9,6 млн. сўмни ташкил қилар экан.
Мазкур пост орқали республикамизга заргарлик буюмларига бурканган ҳолда кириб келган яна бир фуқаро ҳам божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди. Ушбу аёл гўёки шахсий буюми сифатида қиймати 4 млн. сўмдан ортиқ бўлган 136 гр. оғирликдаги кумушдан ишланган заргарлик буюмларини бўйнига ва бармоқларига тақиб олган ҳолда олиб киришга уринган экан.
Бу каби ҳолатлар “С.Нажимов” чегара-божхона постида ҳам фош қилинди. Юртимизга кириб келган чет эл фуқароси холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, кийимлари остидан белига қиймати 30 млн. сўмлик 1 кг. 200 гр. оғирликдаги кумуш тақинчоқларни яширганча олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Мазкур пост ходимлари 210 гр. оғирликдаги кумуш тақинчоқларни олиб киришга уринган яна бир аёлни ўз вақтида тўхтатиб қолишди. Қарангки, ушбу шахс 5.2 млн. сўмлик кумуш тақинчоқларни божхона назоратидан яшиинча олиб ўтиш учун пайпоғига яширган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
29.12.2018