Хусусан, бу борадаги ишларни амалга оширишда «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган вазифалар ўз вақтида ижро этилиши муҳимдир.
Халқимиз дастурхонини юртимизда етиштирилган сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ҳамда чет давлатларидан кириб келадиган озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасида замонавий андозалар асосида куз-қиш даврида озиқ овқат маҳсулотларини сифатли сақлаш имконини берадиган омборхоналар барпо этилганлиги қувонарли албатта.
Маҳсулотларни қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш шарт-шароитларига қўйиладиган талабларни ўз ичига оладиган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини, фитосанитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини, давлат стандартлари асосида ўтказилиши аҳоли саломатлигини асраш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим чора тадбирлардан биридир.
Аммо, бугунги кунда ўз манфаатларини кўзлаб турли йўллар ва найранглар билан юртимизга сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини чет давлатларидан ички ҳудудларга олиб кириш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Фарғона” чегара божхона постида, пост орқали қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикасига ҳаракатланаётган фуқаро С.Ё бошқарувидаги “Камаз” русумли автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда, автотранспортнинг захира ёқилғи баки божхона ходимларида шубҳа уйғотди.
Божхона ходимлари заҳира ёқилғи баки ичини махсус техник воситалари ёрдамида текширишганида, захира ёқилғи баки ичидан жами 720 кг.лик “Dates Jahan” номли Эронда етиштирилган қуритилган хурмо мевалари божхона назоратидан яшириб олиб кираётганлиги ҳамда антисанитария ҳолатида ташилаётгани маълум бўлди. Маҳсулотларнинг дастлабки ҳисоб китобларга кўра умумий қиймати 7,2 миллион сўмлик эканлиги маълум бўлмоқда.
Шунингдек, Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими вилоят Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда “Водил-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Н.С бошқарувидаги “Ваз 21013” русумли, автомашина тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашинанинг ҳуфёна жойларига яъни олд қанот ички қисмига ва орқа ўриндиқ тагигаяширилганжами 23 кг шоколад маҳсулотларини ички ҳудудларда сотиш мақсадида олиб кетаётганлиги маълум бўлди.
Тадбир давомида автотранспорт воситасидаги ушбу шоколад маҳсулотлари Фарғона туманида яшовчи фуқаро Н.Н тегишли эканлиги маълум бўлиб, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари фуқаро Н.Н ушбу маҳсулотларни Фарғона туманида яшовчи фуқаро Ш.Шнинг яшаш хонадонидан олинганлиги маълум бўлди. Ушбу хонадон шу куннинг ўзида холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадондаги яшаш уйининг, ертўла қисмига яширилган жами 164 кг шоколад маҳсулотлари ҳеч қандай ҳужжатларсиз сақланаётганлиги аниқланди.
Тадбирда муқаддам қўшни давлатдан божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали олиб кирилган, умумий қиймати салкам 4 миллион сўмлик жами 187 кг. шоколад маҳсулотлари қонуний ҳал қилиш учун вақтинчалик сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
29.12.2018