Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар йил бошидан буён 371 млн. сўмдан ортиқ пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди
1625
Янги йилга саноқли кунлар қолар экан, пиротехника савдоси орқали мўмай даромад орттиришни кўзлаётган “устомон”лар ҳам фурсатдан фойдаланиб тобора фаоллашиб қолмоқда. Бу эса божхона ходимларидан ҳам ҳар қачонгиданда зийрак ва ҳушёр бўлишни талаб қидади.
Божхоначилар йил бошидан буён 371 млн. сўмдан ортиқ  пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди

Навоий вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Кармана туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.Ф.нинг қинғир қилмишларига чек қўйилди.

Ушбу шахс оғирлиги 5.2 кг., 2 турдаги 6300 донадан ортиқ пиротехника воситаларини 6,7 млн. сўмга сотаётган вақтида фош қилинди.

Шундан сўнг, мазкур қонунбузарлик ҳолатини илдизи билан бартараф этиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилди. Қарангки, мазкур қилмишларнинг бир учи Ғиждувон туманига бориб тақалди.

Тезкор тадбир давомида ушбу туманда истиқомат қилувчи фуқаро    Р.Ж.  7.7 кг.дан ортиқ оғирликдаги ва 2 турдаги пиротехника воситаларини сотишга уринган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.  Қонунбузардан олиб қўйилган 9005 дона пиротехника воситаларининг умумий қиймати 10 млн. сўмни ташкил қилар экан.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ 135 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган бўлиб,  натижада 371,1 млн сўмлик 161 минг донадан ортиқ пиротехника воситаларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди.

 

29.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг