Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қўшкўпир туманида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди
2376
Тадбиркорлик мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг мустаҳкам таянчидир. Энг муҳими тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар бозорлар тўкинлигини таъминлаш баробарида давлатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Қўшкўпир туманида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди

Хоразм вилояти Қўшкўпир туман ҳокимлигининг мажлислар залида прокуратура, адлия, божхона идоралари билан ҳамкорликда Президентимизнинг жорий йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доирасида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган имкониятлар мазкур ислоҳотларни мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда уларнинг фаолиятида вужудга келаётган муаммоли вазиятларни ўрганиш мақсадида туманда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига бевосита божхона соҳасида яратилаётган қулайликлар ва берилаётган имтиёзлар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон Қарори билан юридик шахсларга мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида божхона кўригини амалга ошириш тартиби ҳам бекор қилинганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564-сонли Фармони билан жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан ошмайдиган товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга рухсат этилганлиги тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг, товарлар импортида божхона тўловларидан бериладиган имтиёз турлари, имтиёзни қўллаш тартиби ҳамда мазкур имтиёзлардан самарали фойдаланиш мумкин бўлган жиҳатларга тўхталишди.

Бугунги тадбир бизда катта таассурот қолдирди – дейди “Дарбанд чевар” тикувчилик хусусий фирмаси раҳбари Гулноза Ғуломова. Тадбирда Хитой давлатидан замонавий тикув машиналари олиб келиш тартиби тўғрисида тўлиқ маълумот олдим. Биз тадбиркорлар билан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар фаолиятимизни янада кенгайтиришда, янги лойиҳаларни амалиётга жорий этишда ва мавжуд муаммоларимизни жойида ечим топишида муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув савол жавобларга бой бўлди. Унда тадбиркорлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоблар олдилар.

29.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг