Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначи – тадбиркор таянчи
2180
Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Божхоначи – тадбиркор таянчи

Бу борада божхона органларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган. Ушбу  вазифалардан келиб чиқиб, Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва фуқароларга божхона соҳасида яратилган қулайлик ва имкониятлар, товарларни экспорт божхона режимига расмийлаштириш тартиб-таомиллари тўғрисида тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу борада дастлабки учрашувлар тасдиқланган режа асосида Ғузор, Деҳқонобод, Косон, Қамаши, Китоб, Миришкор ҳамда Муборак туманларида ўтказилди.

Куни кеча навбатдаги учрашув Қарши шаҳар ҳокимлигида ўтказилиб, унда 30 дан зиёд тадбиркорлар иштирок этди.

Учрашувда бошқарма масъул ходимлари томонидан божхона тартиб-таомиллари билан бирга, яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5564-сон Фармони, 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон қарори ҳамда 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4059-сон қарорлари мазмун-моҳиятлари ҳам содда тилда тушунтирилди.

Шунингдек, тадбирда Қарши шаҳар ҳокимлиги, тижорат банклари, сертификатлаштириш идоралари масъул ходимлари иштирок этиб, иштирокчилар томонидан йўлланган саволларга тушунтиришлар берилди.

Ўтказилган тадбирлар давомида, тадбиркорлар ва фуқаролар бу каби амалий ишларни мунтазам амалга ошириш лозимлигини билдирдилар. Зеро,  бугунги кунда тадбиркорлар жамият таянчи ҳисобланади. Улар томонидан олиб борилаётган ҳар бир фаолият юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

27.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг