Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги арафасида ўтказилаётган мазкур ойликда давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам турли тарғибот учрашувлари ташкил қилинмоқда.
Жумладан, Ёшлар иттифоқининг Давлат божхона қўмитасидаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан бир гуруҳ ёш ва фаол божхона ходимлари пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 55-умумтаълим мактабида бўлиб, ўқувчилар билан яқиндан суҳбатлашишди.
Юқори синф ўқувчилари билан бўлиб ўтган суҳбатлр жонли ва самимий руҳда кечди. Унда келгусида ҳарбий бўлиш истагидаги ўқувчилар божхоначи акаларидан энг муҳим тавсия ва маслаҳатларни олишди.
Ёш божхона ходимлари ўқувчиларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш билан бир қаторда улар орасида божхона ишини тарғиб қилишга қаратилган фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашувларда янги йил арафасида куннинг яна бир долзарб мавзуси - пиротехника воситаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишнинг салбий оқибатлари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жонли мисолларни келтириш орқали ўқувчилар яна бир карра бу зарарли иллатдан огоҳлантирилди.
Шу куни божхона ходимлари мактабда бўлиб ўтаётган “Китоб – менинг дўстимсан” номли байрам тадбирида ҳам иштирок этишди.
Биринчи синф ўқувчиларининг бу тадбирга қизғин тараддуд қўришгани улар ижросидаги бадиий чиқишларда ҳам ўз ифодасини топди. Болажонлар ўз чиқишлари орқали китобнинг ҳаётимиздаги аҳамиятини, китобга қанчалик яқин дўст эканликларини яққол намоён қилишди.
Тадбирда сўз олган божхона ходимлари ўқувчиларни ватанпарварлик ва китобхонликка даъват қилиб, Ватанни асраш учун билакдаги кучнинг ўзи етарли эмаслиги, балки кучли билим ҳам талаб этилишини таъкидлашди.
Байрам якунида болажонларга эсдалик учун турли китоблар улашилди. Бир сўз билан айтганда божхона ходимларининг мактабга ташрифи ўқувчилар қалбида олам-олам тассурот қолдириб, ватанпарварлик ва китобхонлик чўғини алангалатишда ҳисса қўшган бўлса ажаб эмас.
Бу каби тадбирлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.
27.12.2018