Унда Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ҳамда “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси масъул ходимлари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, республикамизга товарларни импорт қилишда божхона расмийлаштируви бир қатор ташкилотлардан рухсат беришга доир турли ҳужжатлар: рухсатнома, гувоҳнома ва сертификатлар талаб қилинади ва уларни олиш учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари муайян вақт сарфлашади.
Масалан, Давлат ветеринария қўмитаси томонидан бериладиган ветеринария гувоҳномаси, Ўсимликлар карантини инспекцияси томонидан бериладиган карантин рухсатномаси ва Ўзстандарт агентлиги томонидан бериладиган мувофиқлик сертификати 3 иш куни давомида берилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бериладиган санитария-эпидемиологик хулосасини олиш учун 14 иш кунигача вақт сарфланиши мумкин. Давлат экология қўмитаси эса экологик сертификатни 15 иш кунида бериши белгиланган.
Табииийки, мазкур рухсатномаларни олишга сарфланадиган вақт натижасида четдан келтирилган товарлар божхона омборларида 15 кундан 35 кунгача туриб қолишига сабаб бўлмоқда. Бу эса табиийки, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча молиявий ҳаражатлар ва вақт сарфини англатади.
Бу каби бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинган Президент қарори билан импорт қилинаётган товарларга мувофиқлик сертификатини ва божхона расмийлаштирувини соддалаштирилган ҳолда амалга ошириш бўйича тартиблар белгиланди.
Хусусан, 2019 йил 1 январдан бошлаб халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилганда, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хом ашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилади.
Мазкур қарорда Давлат божхона қўмитасига берилган топшириқлар ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида йиғилиш давомида кўргазмали маърузалар қилинди.
Йиғилиш давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
27.12.2018