Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам борки, улар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган ушбу имконият ва имтиёзларни суистеъмол қилишга уринишмоқда.
Куни кеча Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ҳамда Ташқи савдо операциялари мониторинги ва божхона статистикаси бошқармаси ходимлари томонидан йирик қонунбузарлик ҳолати фош этилди.
Чунончи, божхоначилар “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзоси бўлган “Yasmin new tex” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини ўрганиш давомида, ушбу ташкилот 43,3 минг АҚШ долларига тенг бўлган, жами 95,5 тонна “текстил мато” товарларини юртимизга олиб келганлиги ва унга божхона тўловларидан жами 753 миллион сўм имтиёз қўлланилганлиги аниқланди. Аммо шу ўринда ҳақли савол туғилади, хўш ушбу ташкилот давлатимиз томонидан берилган ушбу имтиёзлардан мақсадли фойдаланиб, ўз ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантирдими?
Мазкур ташкилотга божхона тўловларидан қўлланилган мақсадли имтиёзлар тўғри қўлланилганлиги божхоначилар томонидан атрофлича ўрганилиб, корхонада ишлаб чиқариш мавжуд эмаслиги аниқланди ва масъулияти чекланган жамиятнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига ўз вақтида чек қўйилди.
Ушбу ташкилотга алоқадор шахслардан эса давлат бюджетига етказилган 753 миллион сўмлик зарар нақд пул шаклида тўлиқ ундириб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
27.12.2018