Жумладан, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар, уларнинг багажи ва қўл юклари хавфсизлик нуқтаи назаридан божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилади.
Бунда жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган ва чекланган товарлар, шунингдек божхона тўловлари ундирилмасдан товарларни олиб ўтиш миқдор нормаларига риоя қилинишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Фуқаро Ж.Қимизов томонидан “Озодлик” радиосига берилган интервьюда, ушбу фуқаро чегара божхона постига келганида божхона ходимлари томонидан унинг паспортига муҳр босилиб, бир неча бор ортига қайтариб юборилгани ва унга нисбатан ноқонуний ҳаракат содир этилганини билдирган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, республикамиз чегараси орқали ўтишда божхона органлари томонидан йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларига ҳеч қандай муҳр босилмайди.
Шу билан бирга, фуқаро Ж.Қимизов 2018 йилнинг ўтган даврида чегара божхона постлари орқали ҳеч қандай монеликсиз жами 52 маротаба ҳаракатланганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, бугунги кунда республикамизнинг барча чегара божхона постлари видеокузатув тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, чегара божхона постларида фуқароларни божхона назоратидан ўтказилиши жараёни мунтазам назорат қилиб борилади.
Мутахассислар иштирокида кузатув камералари орқали ёзиб олинган видеотасвирлар кўздан кечирилганида, божхона ходимлари томонидан фуқароларни бошига қоп кийдириш ёки жисмоний куч ишлатиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмади.
Шу боис, фуқаро Ж.Қимизовнинг хорижий оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсини асоссиз ва мантиққа зид деб баҳолаш мумкин.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқароларни давлат чегарасидан ўтишлари учун барча қулайликлар яратилганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритиш, мамлакат ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган барча фуқаролар учун республикамизда зарурий шарт-шароитлар мавжудлигини ҳамда улар давлатимиз томонидан мустаҳкам ҳимояга олинганлигини ва бу борада божхона органлари томонидан амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қиламиз.
26.12.2018