Хоразм вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан Президентимизнинг жорий йил 21 декабрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Ҳазорасп тумани Питнак шаҳрида жойлашган “Питнак панел” қўшма корхонасида Ҳазорасп тумани хокимлиги, солиқ ва “Ҳазорасп ЭИЗ” дирекциясининг масъул ходимлари ҳамда иқтисодий зонада фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда, эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқарув механизмини янада соддалаштириш, инвестициялар жалб қилиш учун шароитларни яхшилаш, энг муҳими иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш борасида янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган мазкур фармонни мазмун-моҳияти мутахассислар томонидан батафсил тушунтириб берилди.
Фармонда қайд этилишича, эндиликда эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда импорт қилинган товарларнинг божхона расмийлаштируви товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКнинг ижобий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади;
- товарлар рўйхатини ҳар томонлама экспертизадан ўтказиш бўйича Марказнинг хулоса бериш муддати ўн беш календарь кунидан ошмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилди;
- эркин иқтисодий зоналар қатнашчиларига берилган имтиёзлар фақат эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тадбиқ этилади.
Бугунги кундаги божхона хизматининг тадбиркорларга берилаётган амалий ва ҳуқуқий кўмаги ҳамда божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилаётган янги имтиёзлар ҳусусида ҳам сўз юритилди. Самимий ва ишчанлик руҳида ташкил этилган учрашувда тадбиркорликни янада ривожлантиришда божхона органлари билан боғлиқ яна бирор бир тушунмовчилик ёки муаммолар юзага келганда 11-08 “Ишонч телефони”гаа мурожаат қилишлари лозимлиги ҳам айтиб ўтилди.
Учрашувда тадбиркорлар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
26.12.2018