Яқинда “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан пойтахтимиз аэропортида тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига доир бир қатор божхона қоидабузарликлари фош қилинди.
Истанбулга серқатнов бўлиб қолган аёллардан бирига божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга қаратилган навбатдаги найрангги наф бермади. Фуқаро А.З. рўмоли остидан сочига тақилган резинка ичига усталик билан 200 гр. оғирликдаги тилладан ясалган заргарлик буюмларини яширган экан. Уларнинг тахминий қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 50 млн. сўмни ташкил этмоқда.
“Боку-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган чет эл фуқароларидан бири В.Г. яшил йўлак орқали ҳаракатланаётиб, бу билан ёнида чекланган меёърлардан ортиқча товарлари йўқлигини маълум қилади. Аммо, унинг безовталаниши божхоначиларни ушбу шахсни синчиклаб кўздан кечиришга ундади.
Натижада, унга тегишли багажда божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган салкам 152 гр. оғирликдаги олмослар билан безатилган тилла тақинчоқлар яширилганлиги фош бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур заргарлик буюмларининг умумий қиймати 30 млн. сўмдан ошар экан.
Айни шу рейс билан учиб келган яна бир чет эл фуқароси А.А. ҳам яшил йўлак орқали қиймати 16.4 млн. сўмлик 82 гр. оғирликдаги қимматбаҳо тошлар билан безатилган тилла буюмларини олиб киришга урингани фош қилинди.
Ҳиндистондан учиб келган пойтахтлик фуқаро У.Г. эса белгиланган нормалардан ортиқча бўлган 181 гр. оғирликдаги кумушдан ишланган тақинчоқларни олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 79 та божхона қонунбузилиш ҳолатларида қиймати салкам 2 млрд. сўмлик 19,4 кг. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ҳаво йўллари орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
"Тошкент-АЭРО" ИБК
Ахборот хизмати
22.12.2018