Худди шундай тадбирларда Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам фаол иштирок этишиб, турли умумий ўрта таълим даргоҳларида таҳсил олиб келаётган ёшларимиз билан мулоқот қилишяпти. Яқинда божхоначилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси юзасидан Когон шаҳридаги 3 умумий ўрта таълим мактабида “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” мавзусида битирувчи синфлар билан давра суҳбати ўтказишди.
Тадбир давомида, нафақат Ватаннинг не чоғлик муқаддас даргоҳ эканлиги борасида унинг олдидаги фарзандлик бурчимиз ва юртимиз тараққиёти учун барчамизнинг дахлдор эканлигимиз борасида маърузалар қилиниб, фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Энг қувонарлиси шу куни мактаб битирувчилари нафақат миллий армиямиз ташкил этилганлиги, юртимизнинг ҳарбий салоҳияти борасида бир қанча билимларга эга эканликларини намойиш этишди ва келажакда божхоначи бўлиш истагини билдириб, соҳа вакилларидан ўзларига керакли тавсияларни олишди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бу каби учрашувларда бошқарма ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, келажак авлодларимизни ватанпарвар бўлиб камол топишларида ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Бухоро вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
22.12.2018