Иқтисодиётнинг тармоқларидан бири бўлган божхона соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, кенг жамоатчиликнинг соҳага оид билим ва ушбу йўналишдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларни ойнаи жахон орқали олийжаноб халқимизга етказиш мақсадида Андижон вилоят телерадиокомпанияси томонидан ташкил қилиб келинаётган “Божхона хабарлари” туркум кўрсатувининг навбатдаги сонида божхона ходимлари иштирокида давра сухбати ўтказилди. Унда бошқарманинг таркибий тузилмалари масъул ходимлари иштирок этди.
Ташкил этилган давра сухбатида божхона хизматининг мақоми, фаолият доирасини аниқ белгиловчи, замонавий услубларда ишлаши учун шароит яратиб берадиган, соҳада божхона қонунчилиги бузилишига оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга имконият қолдирмайдиган, халқчил қонун - “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинганлиги ва ушбу Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса тизимдаги янгиликлар бўйича батафсил маълумот беришдан бошланди.
Шунингдек, соҳанинг келгуси ривожидаги тарихий аҳамият касб этган яна бир муҳим Фармон – Президентимизнинг жорий йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармони мазмун-моҳиятига қаратилди.
Фармонга мувофиқ 2019 йил 1 декабрдан жорий этилган хавфларни автоматлаштирилган тизим бўйича бошқариш, “сариқ ва “қизил йўлак”лар ҳамда 2019 йил 1 мартдан бошлаб, “яшил ва “кўк йўлак”лар жорий этилиши юзасидан батафсил маълумот ва тушунчалар берилди.
Эндиликда, ушбу тизимлар орқали товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнаши, божхона ходими мазкур тизим буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур эканлиги айтиб ўтилди.
Кўрсатув якунида тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка божхона сохасига оид уларни қизиқтирган саволлар, фикрлар ҳамда ҳар қандай муаммоли масалалар юзасидан бошқарма бошлиғининг шахсан ўзига бундан ташқари бошқарманинг Ишонч телефонларига мурожаат қилишлари мумкинлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Ф.Каримов,
Андижон вилоят
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
22.12.2018