Мамлакатимизда наркотик моддалар савдоси ва истеъмолига қарши кескин чоралар кўрилаётган бўлса-да, ҳаётга енгил-елпи кўз билан қаровчи айрим ёшларнинг ҳамон бу оғу комига тушиб қолаётгани ачинарлидир. Ярамас иллатнинг авж олишида эса наркокурьерларнинг алоҳида “ҳисса”си бор.
Яқинда Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбир давомида наркотик моддаларнинг навбатдаги контрабандасини фош қилишди.
Бекобод туманидаги “Ойбек” йўл-патрул масканида олиб борилган тезкор тадбирда фуқаро Вохидов бошқарувидаги “Спарк” автомобили кўздан кечирилди. Кўздан кечириш давомида эса автомашина хайдовчиси ўриндиғи остидан мана бу 2 дона думалоқ шаклдаги полиэтилен ўрамлар топилди.
Мазкур ўрамлар холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичидаги модда 947,4 гр. оғирликдагидаги опий гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билар ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида 42,4 кг. оғирликдаги наркотик моддаларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
21.12.2018