Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ваколатли иқтисодий операторлар: янги институт, янги афзалликлар
2548
Давлат божхона қўмитаси томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги “Тараққиёт стратегияси” марказида ташки иқтисодий фаолият иштирокчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ваколатли иқтисодий оператор институти бўйича семинар-тренинг ташкил қилинди.
 Ваколатли иқтисодий операторлар: янги институт, янги афзалликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси каби вазирлик ва идоралар, миллий иқтисодиётимиз ўзининг мустаҳкам  ўрнига эга бўлиб бораётган йирик тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сон Фармони талабларига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институтининг жорий этилиши белгиланган.

Ўзбекистон илк бор ташкил қилинаётган бу институт ҳақида ҳали кенг жамоатчилик етарли даражада хабардор эмаслиги, табиий. Халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, шунингдек Жаҳон божхона ташкилотининг тавсияларига таяниб айтиш мумкинки, бу турдаги институтларнинг амалиётга самарали жорий қилинишида кенг жамоатчиликнинг ушбу янгиликлардан етарлича воқиф бўлиши ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу жиҳатдан келиб чиқилса, ушбу тадбирни мазкур мавзудаги илк семинар-тренинг деб баҳолаш мумкин.

Фармонга кўра, ваколатли иқтисодий оператор институти мақоми берилган виждонли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи тақдим этилади.

Яъни, уларнинг юкларини соддалаштирилган тартибда божхона назоратидан ўтказилиши, товарларни ўз омборига тушириш, божхона кузатувисиз товарларни ташиш, божхона тўловларини белгиланган тартибда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш каби афзаллакларга эга бўлишади.

Тан олиш керак, шу вақтга қадар божхоначилар томонидан тадбиркорларга нисбатан ишончсизлик руҳида назорат функциялари амалга оширилаётган эди. Ваҳоланки, барча ривожланган давлатларда божхона қонунчилигига оғишмай риоя этган ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш, уларга маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича аниқ механизмлар жорий этилган.

Ваколатли иқтисодий операторларнинг жорий қилиниши эса Ўзбекистонда ҳам бу борада қўйилган муҳим қадам бўлиб, божхона органларининг тадбиркорлик субъектларининг бизнес-ҳамкори ҳамда маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджда намоён бўлишига хизмат қилади.

Хўш, бу институт ўзи нима? Ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ўзлари учун назарда тутилган қулайликлар ва афзалликларга эга бўлиш учун қандай талаблар мавжуд?

Шу мақсадда ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора-тадбирларини назарда тутиб, ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида бу масалалар атрофлича ёритилган. Лойиҳа айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.

Лойиҳа божхона органлари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, хусусан соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари орқали афзалликлар тақдим этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, ваколатли иқтисодий оператор мақоми юридик шахсларга берилади. Уни қўлга киритиш учун ташқи иқтисодий фаолит иштирокчиси ариза тақдим қилаётганда қуйидаги шартларга жавоб бериши талаб қилинади:

  • юридик шахс раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек унинг ваколатли шахси божхона органларига мурожаат қилган санадан эътиборан ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 174, 175, 176 ва 227-22727 моддаларига биноан маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлиши;
  • юридик шахс раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек унинг ваколатли шахси божхона органларига мурожаат қилган санадан эътиборан ўтган беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182,184 ва 246 моддаларига биноан жиноий жавобгарликка тортилмаган бўлиши;
  • солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек жарималар ва уларнинг пенялари бўйича қарздорликнинг мавжуд бўлмаслиги;
  • мурожаат қилинган санадан эътиборан камида уч йилдан бери ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётганлиги;
  • товарларни сақлашга мўлжалланган омбор сифатида фойдаланиш учун баҳолаш қиймати энг кам иш ҳақининг 10 минг баробаридан кам бўлмаган бино-иншоот ёки очиқ майдонларининг мавжудлиги;
  • мурожаат қилинган санадан эътиборан сўнгги 12 ой давомида фактура қиймати 2 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган эквивалентдаги товарларнинг импорт ва (ёки) экспортини амалга оширганлиги ҳамда 100 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияларининг расмийлаштирилганлиги ёки сўнгги 12 ой давомида расмийлаштирилган 50 тадан кам бўлмаган импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларациялари асосида энг кам иш ҳақининг 20 минг баробаридан кам бўлмаган божхона тўловларини тўлаган бўлиши лозим.

Ваколатли иқтисодий оператор мақомига эга бўлган юридик шахсларга 2 хил кўринишдаги “А” ва “Б” махсус тоифалари берилади. Операторлар назарда тутилган енгилликлар ва афзалликлардан мазкур тоифалар асосида фойдаланишади.

Энг аввало, уларнинг товарларига нисбатан божхона операциялари навбатдан ташқари ва операторнинг ҳудудида амалга оширилади, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади.

Буларнинг барчаси ташқи иқтсиодий фаолият иштирокчиларининг молиявий харажатларини ҳамда  экспорт-импорт жараёнларини тезлаштириш ҳисобига вақтини тежаш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда ушбу институционал ўзгариш божхона органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, божхона назорати самарадорлигини ошириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш, пировардида республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

20.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг