Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Фидойи ёшлар – мамлакат тараққиётининг таянчи
2038
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши иштирокида Самарқанд вилоят мусиқали ва драма театрида “Фидоий ёшлар – мамлакат тараққиётининг таянчи” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Фидойи ёшлар – мамлакат тараққиётининг таянчи

Унда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши  бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири А.Асадов, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев, бошқарма ходими А.Қиличовлар сўзга чиқишиб, янги ишга қабул қилинган ёш божхона ходимлари, уларнинг ота-оналари ва яқинларига мавзу юзасидан маъруза қилишди.

Мазкур тадбир коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, божхона тизимида коррупциянинг олдини олиш, ходимлар ўртасида соғлом муҳитни яратиш ва ёш божхоначиларни маънавий дунёсини бойитиш мақсадида ташкил қилинди.

Тадбирни очар экан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Ахлимирзаев, бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатни суистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида гапирадилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддиларига асосий вазифа сифатида қўяди. Жамият тараққиёти кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашиш йўлида аёвсиз кураш олиб борилаётгани ўзининг самарасини ҳам бермоқда. Шу сабабли ҳам республикамизда мазкур жиноятнинг олдини олиш, унга қарши самарали курашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан бошқарма ходими А.Қиличов бу иллатга қарши курашишда вилоят божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган профилактик тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Бундан ташқари тадбирда 2018 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармони билан божхона ходимларини моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги тўғрисида ходимларнинг оила аъзоларига етказилди.

Шундан сўнг тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши  бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими мудири А.Асадов сўзга чиқиб, бугунги кунда Ёшлар иттифоқи фаолияти тўғрисида ахборот бериб ўтди.

Жорий йил ўтган даври мобайнида ташкилот томонидан ёшлар билан 23 маротаба маънавий-маърифий тадбирлар, 7 маротаба спорт мусобақалари, 34 маротаба коллеж-лицей талаба-ёшлари иштирокида ҳуқуқий саводхонликни оширишга бағишланган профилактик табдирлар ва давра суҳбатлари ўтказилган.

Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот аъзолигига қабул қилинган ёш божхоначиларга иттифоқнинг кўкрак нишони тантанали топширилди. Шунингдек, ўз касбига садоқатли хизмати билан юртимиз равнақига қўшаётган ҳиссаси учун бир гуруҳ фаол ходимлар Ёшлар иттифоқининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир якунида Самарқанд вилоят мусиқали ва драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Бўёқчи” спектакли намойиш этилди.

20.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг