Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинди
3487
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 18 декабрь куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1029-сонли қарори қабул қилинди.
Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинди

Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”  2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида  қабул қилинди.

Қарор билан Марказнинг янгиланган ташкилий тузилмаси, хизмат итларини кунлик ва қўшимча овқатлантириш рацион нормалари, кунлик овқатлантириш учун компенсация тўловларининг ставкалари тасдиқланди.

Эндиликда марказ давлат муассаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, шартнома асосида кинологларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш, ўргатиш ҳуқуқига эгадир.

Таъкидлаш жоизки, Миллий кинология марказига Жаҳон божхона ташкилоти томонидан МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, бундан 10 йил аввал берилган минтақавий кинология маркази мақоми ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқланмоқда. Айни пайтда  дунёнинг АҚШ, Германия, Канада, Россия, Хитой каби 15 га яқин давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам бундай мақомдаги марказга эга.

Миллий кинология маркази минтақавий мақомга эга бўлганидан сўнг ўтган йиллар давомида Қирғизстон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон, Мўғулистон ва Эрон каби давлатларининг 128 нафар кинологлари ўқитилиб, 127 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди.

Мазкур қарор билан энг аввало турли йўналишлар бўйича хизматга яроқли зотдор хизмат итларини танлаш, сотиб олиш ва парваришлашнинг самарали тизими яратилади.

Шунингдек малакали кинологлар тайёрлаш ва хизмат итларини тайёрлашнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ, ўқдори, портловчи моддалар, валюта қимматликларини қидириб топиш, шунингдек, қидирув-қутқарув, ҳимоя-қоровул, из қидирув хизмати, террорчиликка қарши ва бошқа операцияларда иштирок этиш йўналишлари шулар жумласидандир.

Қарор асосида Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ушбу йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари доирасида зотдор хизмат итларини кўпайтириш, сотиб олиш, сотиш ва алмашиш йўлга қўйилади.

Божхона органлари кинологлари фаолияти ва хизмат итларидан фойдаланиш натижадорлигини уларнинг олдига қўйилган вазифаларни бажаришида юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни аниқлаш, келгусида бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида доимий ва ҳар томонлама мониторинг олиб борилади.

Шу вақтга қадар хизмат итлари ўртасида ўтказиладиган турли халқаро ва маҳалий кўргазма, мусобақа ва бошқа тадбирларда Марказда етиштирилган хизмат итларини иштирок этиши белгилаб берилмаган эди. Мазкур қарор билан кинология соҳасида ташкил этиладиган халқаро ва маҳалий кўргазма, мусобақа ва бошқа тадбирларда иштирок этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Масалан. марказ ходимлари ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан 2017 йилда Миллий кинология марказида МДҲ давлатларининг божхона хизматлари ўртасида ўтказилган хизмат итлари билан кўпкураш мусобақасида умумжамоа ҳисобида 1 ўринни эгалашган эди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига божхона органлари хизмат итлари учун қуруқ озуқа ва ишчанлик хусусиятлари юқори бўлган итларни хориждан сотиб олиш шартномаларини белгиланган тартибда тузиш, хорижий давлатлар кинология хизматларининг буюртманомаларига асосан хизмат итларини тегишли равишда тайёрлаш ва сотишга рухсат берилди.

Эндиликда марказ хизматга яроқсиз итларни белгиланган тартибда сотиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг итларини (корхона ҳудудини, хонадонларни қўриқлаш учун, фуқароларни турли хил тажовузлардан ҳимоя қилиш мақсадида) умумий машқ курси ва ҳимоя-қоровул хизмати талабларига мувофиқ шартнома асосида тайёрлаш, хизмат муддатини ўтаб бўлган хизмат итларини кинологларга беғараз асосда бериш йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари, шунингдек, бошқа вазирлик ва идораларнинг буюртманомалари бўйича кинологларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш, парваришлаш ва ўргатиш тадбирларини шартнома асосида амалга оширишга рухсат берилди.

Шунингдек, Миллий кинология маркази хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган, Давлат божхона қўмитасининг буюртманомасига асосан ишлаб чиқариладиган 32 дона махсус автотранспорт воситасига эга бўлади.

Қарор ижроси доирасида хизмат итларини реал шароитларда тайёрлаш мақсадида божхона органлари объектларининг режим хусусиятлари ва шароитларига имкон қадар яқинлаштирилган авиация, темир йўл ва автомобиль блокларининг имитация майдончалари, шу жумладан турли объектларда турли табиий товушларни акс эттирадиган шовқин эффектлари хоналари реконструкция қилинади ҳамда қурилади.

Бундан ташқари тегишли вазирлик ва идораларнинг из-қидирув ҳамда қутқарув итларини тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида фуқаро инфратузилмасининг бузилган объектларида имитация бинолари ҳамда майдончалари ташкил этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, хизматлар кўрсатиш ва хизмат итларини сотишдан тушадиган пул маблағлари тўлиқ ҳажмда Миллий кинология марказини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ходимларни моддий рағбатлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади;

Ушбу қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий кинология марказини ташкил этиш тўғрисида” 1996 йил  24 октябрдаги 364-сон қарори ўз кучини йўқотди.

 Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

20.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг