Минерал ўғитлар ўсимликларни вақтида пишиб етилишида зарур бўлган озуқа ҳисобланади. Бу эса мамлакат аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда катта аҳамият касб этади. Бироқ минерал ўғитлар ноқонуний олти-сотдиси билан шуғулланувчи “уддабуронлар” ҳам орамизда учраб туради.
Хусусан, куни кеча Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган вакиллари билан ҳамкорликда Муборак туманида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида, “Қарши-Бухоро” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро М. С. бошқарувидаги “ISUZU” русумли юк автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 140 дона полиэтилен қопларда жами оғирлиги 7 тонна бўлган аммиакли селитра минерал ўғитларини шубҳа уйғотмаслиги учун тескари ҳолда жойлаштириб олиб кетилаётганлиги фош этилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
20.12.2018