Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Хоразмлик божхоначилар навбатдаги “Очиқ мулоқот”ни ўтказишди
2228
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, кенг жамоатчиликнинг соҳага оид саволлари ҳамда таклифларига бағишланган Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” теледастури орқали тўғридан-тўғри кўрсатув ташкил этилди.
Хоразмлик божхоначилар навбатдаги “Очиқ мулоқот”ни ўтказишди

Унда бошқарманинг таркибий тузилмалардан бўлим ва гуруҳ ходимлари иштирок этди.

Мулоқот божхона хизматининг мақоми, фаолият доирасини аниқ белгиловчи, замонавий услубларда ишлаши учун шароит яратиб берадиган, соҳада ҳар қандай шаклдаги ҳуқуқбузарликлар содир этишга имконият қолдирмайдиган, халқчил қонун яъни, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинганлиги ва ушбу Қонунга киритилган ўзгариш ва янгиликлар бўйича батафсил маълумот беришдан бошланди. 

Шунингдек, соҳанинг келгуси ривожидаги тарихий аҳамият касб этган яна бир муҳим фармон – Президентимизнинг жорий йил
24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сонли Фармони мазмун-моҳиятига қаратилди.

Фармонга мувофиқ жорий этилган хавфларни автоматлаштирилган тизим бўйича бошқариш, “сариқ ва “қизил йўлак”лар ҳамда 2019 йил 1 мартдан бошлаб, “яшил ва “кўк йўлак”лар жорий этилиши юзасидан батафсил маълумот  ва тушунчалар берилди.

Яъни, ушбу тизимлар орқали товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнаши,божхона ходими мазкур тизим буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур эканлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, мулоқот давомида Президентимиз томонидан жорий йил 30 октябрдаги “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5564-сон Фармонига ҳам алоҳида тўхталиб, мутахассислар томонидан батафсил тушунтирилди.

Тўғридан тўғри эфир давомида фуқаролардан студияга келиб тушган қатор  саволларга масъул ходимлар томонидан божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда тўлиқ жавоблар берилди.

Фуқаролар томонидан асосан, мева-сабзавотларнинг экспорти, чет давлатдан автотранспорт воситалари олиб кириш тартиби, чегара божхона постлари орқали товарларни олиб ўтиш нормалари ҳамда божхона органларига ишга кириш тартиби тўғрисида кўплаб саволлар келиб тушди.

Очиқ мулоқот якунида бу каби мулоқотлар давомий бўлиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлиги, ҳар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.

19.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг