Унда журналистлар йўл олган биринчи манзил “Олот” чегара божхона пости бўлди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари чегара божхона пости фаолияти билан яқиндан танишиш асносида, туркман ва ўзбек халқларининг ўзаро дўстона муносабатлари, икки давлат ўртасидаги қўшничилик алоқаларининг янада мустаҳкамланишида божхона ходимларининг қўшаётган ҳиссаси борасида танишдилар. Медиа-тур қатнашчилари нафақат божхона органлари фаолияти билан танишишди, шу билан биргаликда, божхона кўриги жараёни ва унда қўлланиладиган махсус техник воситалар борасида ҳам кенг қамровли маълумотларга эга бўлдилар. Таъкидлаш жоизки, уларни энг қизиқтирган техник воситалардан бири бу “Рапискан М-60” инспекцион кўрик мажмуаси бўлди ва божхона мутахассислари мазкур техник ускунанинг божхона кўриги жараёнида нечоғлик аҳамият касб этишини журналистларга тушунтиришди.
Тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари “Олот” чегара божхона постига кириб келган автомашиналарнинг ҳамда фуқароларнинг қай тартибда божхона назорати ва кўригидан ўтказилишлари борасида тушунчаларга эга бўлишди. Шунингдек, уларга божхона ходимлари томонидан соҳа фаолиятига оид қабул қилинган сўнгги ҳуқуқий норматив ҳужжатлар батафсил таништирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”даги Фармони борасида ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Медиатур иштирокчиларининг иккинчи манзили “Когон ТИФ” божхона пости бўлди. У ерда ҳам журналистлар божхона ходимлари томонидан амалга оширилаётган экспорт, импорт операциялари билан яқиндан танишиш асносида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Тадбир якунида йил давомида соҳа фаолиятини фаол ёритган бир қатор журналистларга бошқарма раҳбарияти томонидан ташаккурномалар тақдим этилди.
Ўйлаймизки, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда божхона органлари ўртасида ташкил этиладиган бу каби медиатур ҳамда матбуот анжуманлари журналистларни божхона органларида юз бераётган ўзгаришлар ҳамда ислоҳотларни кенг жамоатчиликка янада батафсил ва тушунарли қилиб етказишлари, божхона органлари иш фаолиятини тўлиқ англаб етишлари учун ёрдам беради.
18.12.2018