Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жамоатчилик маслаҳат кенгашида аниқ таклифлар ўртага ташланди
2235
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Жамоатчилик маслаҳат кенгашида аниқ таклифлар ўртага ташланди

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирни Жамоатчилик маслаҳат кенгаши раиси Э.Салихов олиб бориб, тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш борасида вилоят божхона бошқармаси томонидан 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот бериб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур фармоннинг мазмун-моҳиятига махсус тайёрланган видео-ролик тадбир қатнашчиларига қўйиб берилди.

Эндиликда мазкур фармон билан 2018 йил 1 декабрдан хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимига “сариқ йўлак” ва “қизил йўлак” жорий этилди ҳамда барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.

Шунингдек, 2019 йил 1 мартдан бошлаб эса “яшил йўлак” ва “кўк йўлак” жорий этилиши белгилаб қўйилди. Барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйишдаги талаблар бекор қилинади.

Йиғилишда кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги “Мева-сабзовот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3978-сон Қарори мазмун-моҳиятини тўғрисида бошқарманинг Ташқи савдо операцияларини мониторинги ва божхона статистикаси бўлими ходими Ш.Рахматов ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхона органлари томонидан яратилаётган қулайликлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Эндиликда мазкур қарорга кўра, юридик шахслар экспорт қилувчилари мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномасини сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин.

Агарда, экспортдан тушумларни ўз вақтида таъминламаган ташкилотлар ноҳалол мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилувчилар реестрига киритиладилар. Кейинчалик уларга нисбатан экспорт қилишда 100 фоизлик олдиндан тўлов олиш талаблари қўлланилади.

Тадбиркорлик субъектлари улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган тушумдан ягона солиқ тўлови тўлашлари керак бўлади.

Экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди, божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳужжатларда мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги, шунингдек товарларни божхона чегарасидан ноқонуний олиб ўтиш учун экспорт қилувчи жавобгар бўлади.

Кун тартибидаги маърузалардан сўнг, учрашув очиқ мулоқот тарзида, яъни савол-жавоб шаклида ўтказилиб, тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ўрганиб чиқилди ҳамда таклифлар ўртага ташланди.

Жумладан, Самарқанд вилояти Савдо-саноат палатаси ахборот ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш сектори мудири Ф.Рахмонов – қўшни Тожикистон давлатининг чегара божхона хизмати меъёрий ҳужжатларини тадбиркорларимизга тушунтириб беришни, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш борасида деҳқонларга амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш юзасидан таклиф беришди.

Йиғилиш муҳокамасига киритилган таклифлар ва қайд қилинган фикрлар асосида келгусида ҳам тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш борасида ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг келгусидаги вазифалари белгилаб олинди.

18.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг