Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси интернет тармоғида эълон қилинган мақолага муносабат билдиради
1169
Хорижий интернет тармоқларида эълон қилинган мақолада, Туркиядан юртимизга келган Ю.Д. исмли аёл белгиланган меъёрдан ортиқча заргарлик буюмларини олиб кириш чоғида унинг ушбу буюмлари олиб қўйилгани ва унга нисбатан гўёки божхона ходимлари томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилгани баён қилинган.

Аниқланишича, жорий йилнинг 8 сентябрь куни соат 07-10 ларда Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига “Истанбул-Тошкент” йўналишидаги рейс билан келган Наманган вилояти, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 йилда туғилган Абиддинова Дилдора “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган.

Божхона ходимлари унга тегишли йўл сумкасини назорат тартибида кўздан кечиришганида, ушбу аёлда олиб кириш меъёридан ортиқ, божхона назоратига тақдим қилинмаган нархи 15.223.654 сўмлик, умумий оғирлиги 56,57 грамм бўлган заргарлик буюмлари борлиги аниқланган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, маъмурий иш материаллари кўриб чиқиш учун Сирғали туман маъмурий судига юборилган.

Мазкур суднинг 2018 йил 23 ноябрдаги қарори билан Д.Абиддинова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 22722-моддаси 1-қисмида (товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга 386.600 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган ҳамда ашёвий далил тариқасида олинган заргарлик буюмлари давлат фойдасига мусодара қилинган.

Мақолада Д.Абиддиновага нисбатан гўёки 3 ой муқаддам божхона ходимлари ноқонуний ҳаракат содир этилгани кўрсатилган бўлсада, тўпланган ҳужжатлар то судда кўриб чиқилгунга қадар Д.Абиддинова ёки бошқа шахслар томонидан бу ҳақда божхона органларига мурожаат қилишмаган.

Эълон қилинган мақоладаги важларни ҳар томонлама ва холисона текшириш мақсадида ҳозирда Давлат божхона қўмитаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.  

Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати

14.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг