Сурхондарёда жойлашган мазкур туман қишлоқ хўжалиги ва фойдали қазилмалари жиҳатдан катта салоҳиятга эга, бу эса улкан экспорт имкониятларини яратади, ушбу туман ҳудудида барпо этилётган ишлаб чиқариш объектлари сўзимизнинг яққол далилидир.
Мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, махсулотларимиз экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этиш мақсадида, мутасадди ташкилот ва давлат органлари томонидан хам бугунги кунда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов раҳбарлигида божхона ходимлари Шеробод туманида қад ростлаётган “ШЕРОБОД АГРО ИМПЕКС” МЧЖ га тегишли, лойиҳа қиймати 15,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, помидор ва бошқа турдаги сабзавотларни етиштиришга мўлжалланаётган 23 гектар ҳудуддаги иссиқхона қурилишида бўлишди, хамда ушбу корхона раҳбарияти билан учрашув ўтказдилар. Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3939-сонли қарори мазмун моҳияти тушунтирилиб, фаолияти давомида муаммолар мавжуд бўлганда ишчи гуруҳга мурожаат қилиш лозимлиги маълум қилинди. Шунингдек, тадбиркорлар экспорт ва импорт операцияларига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Маълумот тариқасида, мазкур ишлаб чиқариш объекти 150 дан ортиқ янги иш ўрнига эга бўлиб, 2019 йилнинг ўзида ишга туширилиши ҳамда шу йилнинг ўзида 3,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги 1155 тонна помидор маҳсулотларини экспорт қилинишини хамда бу кўрсатгич 2020 йилда эса мос равишда, 7 миллион АҚШ доллари қийматдаги 2310 тонна маҳсулотларини экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
14.12.2018