Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат органлари тадбиркор таянчи
1971
Самарқанд вилояти Давлат солиқ бошқармасида “Давлат органлари тадбиркор таянчи: коррупцияга йўл йўқ!” мавзусида тадбиркорлик субъектлари учун очиқ мулоқот ўтказилди.
Давлат органлари тадбиркор таянчи

Унда тадбиркорлик субъектлари, ҳудудий идоралараро комиссиянинг аъзолари жумладан, прокуратура, ички ишлар, суд, адлия, божхона органлари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Ахмедов очиб бериб, сўз бошида Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802-сон Қарори билан солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилганлигини таъкидлаб ўтди.

Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича аниқ чоралар қўлланилиши белгилаб ўтилганлиги ҳамда   коррупцияни олдини олиш борасида солиқ идораларида доимий равишда профилактик тадбирлар ўтказилиб келинаётганлиги ҳақида ахборот берилди.

Тадбирда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг Ўз хавфсизлик гуруҳи ходими А.Қиличов ҳам сўзга чиқиб, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сонли Қарори ижроси борасида божхона бошқармаси томонидан тегишли ишлар амалга оширилганлигини тўғрисида тўхталиб ўтди.

Коррупцияни олдини олиш борасида ташкил этилган профилактик тадбирлар давомида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан йиғилиш қатнашчилари ўртасида социологик сўровномалар ўтказилган. Сўровнома орқали ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан билдирилган таклифлар ва муаммолар ечими божхона органлари ваколати доирасида бўлган тақдирда Давлат божхона қўмитасига ахборот берилади.   

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти божхона бошқармасида божхона органлари ва тадбиркорлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни кўриб чиқиш мақсадида бошқарма ҳузурида ТИФ қатнашчилари, Савдо-саноат палатаси вакилларидан иборат Жамоатчилик маслаҳат кенгаши ташкил этилган. Унда кўриб чиқилган ҳамда муҳокама этилган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган.

Имкониятдан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектлари йиғилишда кўпчиликни ташкил этганлиги учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган янги ҳуқуқий нормаларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам маълумотлар берилди. 

Хусусан, 2018 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги   ПФ-5582-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон асосида хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимига 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил йўлак” жорий этилди ҳамда 2019 йил 1 мартдан бошлаб “яшил” ва “кўк йўлак” жорий этилиши белгилаб қўйилди.

2019 йил 1 февралдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томнидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни  назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилади.

Барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.

Буларнинг барча тадбиркорларимиз учун янада қулайлик яратиш, ҳалол тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга ишонч билдириш ҳамда божхона органларида коррупцияни олдини олишга қаратилган эътибордир.

Шунингдек, тадбирда мавзу юзасидан вилоят прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими терговчиси З.Ҳамдамов, вилоят Адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош мутахассиси Э.Қурбоновлар ҳам маърузалар қилишди.

Маърузалардан сўнг, учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитасининг 11-08 рақамли “Ишонч телефони” орқали жисмоний ёки юридик шахслар божхона органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳамда содир этилган ва содир этилаётган жиноятлар ҳақидаги хабар ва маълумотларни ариза ва шикоятлар кўринишида тақдим этишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

 

14.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг