Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади
2463
“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Давлат божхона қўмитаси томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат Дастурида давлат божхона хизмати органларига юклатилган вазифа ва топшириқларнинг ижросига қаратилган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилади

Унда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари А.Асамов оммавий ахборот воситалари вакилларига 2018 йил давомида божхона соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.

Жорий йилги Давлат дастурида Давлат божхона қўмитасига божхона қонунчилигини тубдан такомиллаштириш, ушбу тизимни илғор халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш, божхона назоратида хавфни бошқариш тизимини жорий қилиш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинишига кўмаклашиш ҳамда божхона расмийлаштируви вақти ва молия харажатларини қисқартириш мақсадида турли мамлакатлар билан «яшил йўлак» тизимини йўлга қўйиш борасида бир қатор муҳим топшириқлар юклатилган.

2018 йил давомида божхона соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар, жорий қилинган янги тартиб ва қулайликларнинг барчаси ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини оширишга қаратилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йил давомида божхона органлари фаолиятига доир 2 та муҳим қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та Фармони ва 6 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 10 та қарори, шунингдек бир қатор идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Анжуман давомида ушбу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштиришни янги, янада муҳим босқичга олиб чиқди.

Жумладан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб,

товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди;

бир ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилмоқда;

айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси доирасида рухсат берувчи ҳужжатларни бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилмоқда;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлишди;

Фармон билан 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайдиган бўлди.

Шунингдек, товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш божхона органлари томонидан талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида ҳар бир товарга мос равишда божхона тўловлари ставкалари, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини берадиган «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилди.

Божхона соҳасида тадбиркорларга яратилган қулайликлар ва енгилликлар ҳақида сўз кетар экан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил                17 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”          ПҚ-3978-сон Қарори хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Қарор билан эндиликда экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайдиган бўлди.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинишига кўмаклашиш ҳамда божхона расмийлаштируви вақти ва молия ҳаражатларини қисқартириш Россия Федерацияси, Белоруссия, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон Республикалари божхона хизматлари билан “Соддалаштирилган божхона йўлаги” ташкил қилиш тўғрисида битимлар имзоланди.

Ҳозирда ДБҚ томонидан Европа Иттифоқи ва Арманистон, Озарбайжон, Молдова Республикалари божхона хизматлари билан мазкур мазмундаги битимлар тузиш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур “соддалаштирилган божхона йўлаклар”и Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун соддалаштирилган божхона таомиллари амал қилинишини кўзда тутади.

Маълумки, жорий йилда мамлакатимиз божхона қонунчилигида ҳам бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра эндиликда божхона брокери ўз фаолиятини тегишли рухсатнома олмасдан туриб амалга ошириши мумкин.

Шу билан бирга, декларантлар божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни бажаришлари учун уларнинг ҳуқуқлари доираси янада кенгайтирилди. Кодексда божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисга доир яна кўплаб норма ва талаблар бекор қилинди.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрири устида қизғин ишлар амалга оширилмоқда. Анжуманда янги лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида журналистларнинг саволларига ҳам атрофлича жавоблар берилди.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Қонунинг асосий мақсади давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган бўлиб, қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш божхона органларининг фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди ва божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса сифатида белгиланди.

Қарор билан божхона органлари раҳбар кадрларини тайёрлаш учун ўқиш муддати 3 ойдан иборат бўлган “Божхона менежменти” олий курслари жорий этилганлиги бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони соҳада ислоҳотларнинг янги бир даврини бошлаб бергани, шубҳасиз.

Фармонга биноан эндиликда 2019-2021 йиллар давомида босқичма-босқич тарзда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг “Доут-ота”, Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама”, “С.Нажимов”, “Ғишткўприк”, “Ойбек”, Андижон вилояти божхона бошқармасининг “Дўстлик”, “Маданият”, Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” ҳамда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Ўзбекистон” божхона постларига туташ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий божхона терминаллари бунёд этилади.

Келгусида мазкур божхона терминалларининг барчасида жами ҳисобда кунига 3,4 мингдан ортиқ авторанспорт воситасини ўтказиш имкониятига эришилади.

Фармон билан соҳада Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилмоқда. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун ҳам божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди. Жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб “сариқ” ва “қизил” йўлаклар ишга туширилса, 2019 йил 1 мартидан бошлаб, “яшил” ва “кўк” йўлаклар жорий этилади.

Ушбу тизим товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда божхона операцияларининг ўтказилишини тезлаштириш билан бир қаторда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш, прогноз қилиш ва уларнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди. Божхона ходими хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур ҳисобланади.

Ушбу тизимнинг жорий этилиши ҳар томонлама таҳлил асосида божхона назорати объектларини аниқлаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун маъмурий тўсиқларни камайтиришга, божхона назорати хажмининг камайишига, сифатининг ошишига, мавжуд куч ва воситалардан оптимал фойдаланишга, ҳалол ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини рағбатлантиришга ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона тўловлари динамикасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилнинг  ўтган 11 ойи давомида мамлакатимизга импорт қилинган товарлардан 10 трлн. 408 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди.

Юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, соҳалар ривожини таъминлаш мақсадида божхона тўловларидан 41 трлн. 394,6 млрд. сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилди. Бу эса умумий ҳисобланган божхона тўловларининг қарийб 80 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, божхоначилар томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган 11 ойида жами 11 066 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб,  136 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил сифатида ушлаб қолинди.

Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар 2019 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилади.

Хусусан келгуси йилнинг 1 февралидан бошлаб, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилади.

Хўш, ваколатли иқтисодий операторлар учун қандай енгилликлар ва афзалликлар тақдим этилади? Журналистларни қизиқтирган шу йўсиндаги саволларга ҳам тадбир давомида атрофлича жавоблар берилди.

Шунингдек, дастлабки босқичда Давлат божхона қўмитасининг Тошкент минтақасида жойлашган божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи шасхларнинг махсус гуруҳи – “фронт-офис” ташкил этилади.

Айни пайтда “фронт офис” учун ишга қабул қилинадиган номзодлар учун қандай талаблар қўйилади? Уларнинг вазифалари нималардан иборат? Анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакилларини айни шу жиҳатлар қизиқтирди ва уларнинг саволларига батафсил шарҳлар берилди.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги ўзгаришлар эса табиийки мамлакатимизни янада тараққий этишига, ҳамда Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш (Doing business)” халқаро рейтингида тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича юқори поғоналарга кўтарилишида муҳим роль ўйнайди.

Анжуман давомида соҳада коррупциянинг олдини олиш,  пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётганлиги, енгил автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувига доир саволларга ҳам атрофлича жавоблар берилди.  

Дарҳақиқат, ислоҳотлар шиддати баланд, ўзгаришлар кўлами катта! Бир сўз билан айтганда янги йилдан бошлаб, тадбиркорларимизни қулайлик ва енгилликларнинг янги бир даври кутмоқда. Фақат улардан тадбиркорларимиз тезкорлик билан унумли фойдалана олишса бўлгани! Бу йўлда давлат божхона хизмати органлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг яқин кўмакчиси бўлишга ҳамиша шайлиги анжуман якунида таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

14.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг