Маълумки, республикамизда жисмоний шахслар божхона чегаралари орқали шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача номдаги ва ҳар бири 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори препаратлари ҳамда 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.
Мазкур талабларга риоя қилмаган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига қарашли “Даут-ата” чегара божхона пости орқали кириб келган фуқаро Х.Н. божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган жами қиймати 7 миллион сўмдан ортиқ бўлган ҳар бири 10 таблетка бўлган 393 қути “Экстраслим” номли дори воситаларини Ўзбекистон Республикасига ноқонуний олиб кираётганлиги аниқланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут-ата” чегара божхона пости ва Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириб келган автомобиллар божхона кўригидан ўтказилганида, Ўзбекистон Республикаси фуқароси С.И. томонидан амалдаги олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган, божхона ходимларининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, жами қиймати салкам 9 миллионлик, 45 хил турдаги 225 дона парфюмерия маҳсулотларини ҳеч қандай ҳужжатларсиз мамлакатимизга олиб киришга уринаётганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
13.12.2018