Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар йил бошидан буён 37 минг қутидан ортиқ пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди
1541
Божхона чегаралари орқали пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига доир аниқланган ҳолатлар юзасидан айни пайтда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаларидан тезкор хабарлар келиб тушиши давом этмоқда.
Божхоначилар йил бошидан буён 37 минг қутидан ортиқ пиротехника воситаларини тўхтатиб қолишди

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Доут-ота” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Қ.Л.га тегишли қўл юклари божхона ходимларида шубҳа уйғотади.

Ушбу юклар назорат-рентген аппарати кўмагида кўздан кечирилганида, ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида кўрсатмай ҳамда божхона ходимларининг оғзаки сўрови вақтида маълум қилмасдан туриб, 3 турдаги ва 5,4 кг. оғирликдаги 43 дона пиротехника воситаларини олиб киришга урингани фош бўлди.

Шунингдек, қорақалпоғистонлик божхоначилар “Волгоград-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездини божхона кўригидан ўтказиш давомида, йўловчилардан бири, фуқаро И.Б. 2 турдаги 4 дона пиротехника воситаларини пойафзалга яширган ҳолда олиб кирмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди.

Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг “Сирдарё” чегара-божхона постида эса қўшни давлатдан пиёда равишда кириб келган фуқаро  М.А.нинг хатти-ҳаракатлари бежиз шубҳа уйғотмаган экан. Ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, кийимлари остидан 400 дона пиротехника воситасини яширганча олиб кираётганлиги аниқланди.

Сурхондарё вилоятида эса Афғонистондан ташриф буюрган Н.Х. “қуруқ қўл” билан келгиси келмай, ўзи билан 23 дона пиротехника воситаларини совға сифатида олиб кирмоқчи бўлган вақтида “Айритом” чегара божхона пости ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида пиротехника воситаларининг яширин савдоси фош қилинди. Самарқанд шаҳридаги темир йўл вокзали ҳудудида фуқаролар П.Ф., А.А. ва О.Ж.лар оғирлиги 3.6 кг.дан зиёд бўлган 2 турдаги 13 дона пиротехника воситаларини 3 млн. сўмга пуллашаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси “Фарғона” чегара божхона постида эса қўшни давлатдан кириб келган фуқаро Қ.О. гумонланиб, холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, ушбу шахс курткаси чўнтакларига яширганча 4 турдаги 41 дона пиротехника воситаларини олиб киришга урингани фош бўлди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан дастлабки божхона текширувлари олиб борилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 62 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 294 млн. сўмдан ортиқ бўлган 37.1 минг дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган. 2017 йилнинг шу даврида эса 31 та ҳолат аниқланиб, натижада 26 млн. сўмлик 13 минг донадан ортиқ пиротехника буюмларининг ноқонуний олиб ўтилиши фош қилинган эди.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

12.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг