Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви йўналишидаги ҳамкорлик ишларини келгусида янада самарали ташкил этиш, бу борада яратилаётган қулайликларни кенг тарғиб қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ечиш, таклиф ва мулоҳазаларни ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда мамлакатимизда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, божхона назоратининг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 24 ноябрдаги “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштиришни янги, янада муҳим босқичга олиб чиқмоқда.
Фармонда назарда тутилган вазифа ва топшириқларнинг ижросини ўз вақтида ва сўзсиз таъминлашда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
Фармон божхона, молия органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни ташкил этишни назарда тутганлиги билан аҳамиятлидир.
Фармон ижроси доирасида Тошкент шаҳар Прокуратураси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси, шунингдек шаҳар ҳокимияти, солиқ, банк ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, улар томонидан турли корхоналар ва ишлаб чиқариш объектларига борган ҳолда, экспорт ҳажми, импорт товарлари структураси, товарларни экспорт қилишда юзага келаётган муаммоларни ўрганиш ва қонунчиликка мувофиқ тезкорлик билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Тошкент шаҳрида барпо этилган кичик саноат зоналарини ва уларнинг фаолиятини самарадорлигини оширишга қаратилган, шунингдек пойтахт экспорт салоҳиятини янада ошириш, қўшимча экспорт захираларини аниқлашга қаратилган Йўл хариталари қабул қилинган.
Тадбир давомида журналистлар дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманида ташкил қилинган “Highway Logistics Center” транспорт логистика марказида тадбиркорлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотга бевосита гувоҳ бўлишди. Шундан сўнг, журналистлар марказ фаолияти билан яқиндан таништирилди.
Божхона назорати ва расмийлаштирувини жадаллаштиришда давлат идораларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳақида сўз кетар экан, мазкур марказни алоҳида тилга олиш жоиз. Бу ерда тадбиркорлар учун жорий қилинган шарт-шароитлар ҳар жиҳатдан уларнинг манфаатларига тўлақонли мос келади.
Маълумки, жорий йилда тадбиркорларга янада кенг қулайлик ва эркинликлар жорий этишга қаратилган бир қатор янги тартиблар жорий қилинди. Жумладан:
- товарларни божхона режимларига жойлаштириш ва хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга рухсатнома бериш тартиби бекор қилинди;
- бир ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга ошириладиган бўлди ва бунда тегишли рухсатнома ҳужжатлари бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилиши белгиланди;
- импорт товарларини божхона ҳудудига етиб келмасидан турибоқ уларни дастлабки декларациялаш амалиёти йўлга қўйилди;
- тадбиркорлар эса энди аввалгидек божхона брокерларига мурожаат қилмасдан туриб, божхона юк декларацияларини мустақил равишда тўлдириб, Интернет орқали божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлишди;
- эндиликда юридик шахслар мева-сабзавот маҳсулотлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредетив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисиз экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайдиган бўлди;
- 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб эса, халқаро тўлов тизими орқали тўланган ҳолда бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товарларни экспорт қилишда харидор билан ёзма шартнома тузиш бекор қилинди;
- бундан буён тадбиркорлар хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда намойиш этишлари учун шунингдек, жисмоний шахслар 5000 АҚШ долларигача миқдордаги товарларини божхона юк декларацияси тўлдирмасдан, юк кузатув ҳужжатлари асосида олиб чиқишлари мумкин;
2019 йилнинг 1 декабридан бошлаб товар ва транспорт воситаларини, божхона назоратидан ўтказишда божхона назоратининг қўлланиладиган шакли ва даражасини белгилаб берувчи Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимининг тўлақонли ишга туширилгани эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига вақтни тежашда, турли сарсонгарчиликлар ҳамда коррупция омилларининг олдини олишда жуда катта аҳамият касб этмоқда.
Табиийки, жорий қилинаётган бу каби янги тартиботлар қачонки тадбиркорлар улардан ўз вақтида воқиф бўлиб, унумли фойдалана олишсагина ўз самарасини беради.
Шу боисдан ҳам прокуратура ва божхона органлари ҳамкорлигида тадбиркорлар билан юзма-юз ўтказилаётган суҳбатлар ва сайёр учрашувларда асосий эътибор соҳадаги янгиликларни содда ва тушунарли тарзда етказиш, аниқ ҳуқуқий кўмак кўрсатишга қаратилмоқда.
Айни пайтда тадбиркорлик субъектларига экспорт товарларининг божхона расмийлаштирувида янада қулай шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида экспорт товарларининг божхона расмийлаштируви бир кунда ва бир соатдан кўп бўлмаган вақтда, шунингдек тунги вақтда соат 18-00дан сўнг ҳам амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлар учун божхонада жорий қилинаётган ўзгаришлар ҳақида сўз кетар экан, божхона тўловларидан берилаётган имтиёзлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Журналистларга пойтахтимизда яқиндагина ташкил қилинган “Craffers” МЧЖ қандолатчилик қўшма корхонасига бўлиб, ушбу мавзуга аниқ ҳаётий мисол билан ёндошиш имконига эга бўлишди.
Умумий қиймати 62 миллион доллар бўлган ушбу корхонага Германия, Швейцария, Италия, Австрия, Голландия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Қарийб 830 киши доимий иш билан таъминланган. Корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга.
«UZTEX TASHKENT» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ҳам журналистларда катта тассурот қолдирди. 2010 йилда ташкил этилган ушбу корхонада йилига 7200 тонна пахта қайта ишланиб, калава иплар ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг деярли 85% дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатларига, хусусан Россия, Хитой, Туркия, Япония каби давлатларга экспорт қилинади.
Бу ердаги асбоб-ускуна ва технологиялар жаҳоннинг Швейцария, Япония, Италия, Бельгия, Туркия каби етакчи мамлакатларидан келтирилган бўлиб, ҳозирда 350 дан ортиқ ишчи ўринлари ташкил қилинган.
Гувоҳи бўлганингиздек, ислоҳотлар шиддати баланд, ўзгаришлар кўлами катта. Фақат улардан тадбиркорларимиз тезкорлик билан унумли фойдалана олишса бўлгани.
Рақамларга мурожаат қилсак, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида 1100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари товарлар экспортини амалга оширган бўлиб, уларнинг сони 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 7,8%га кўпайган. Натижада, товарлар экспортининг ҳажми шу даврга нисбатан 32,7%га кўпайган.
Тадбиркорларда туғилаётган саволларга ўз вақтида тўлақонли жавоб бериш борасида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, уларнинг ўйлантираётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида бошқармага 650га яқин мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисмини оғзаки мурожаатлар ташкил қилади.
Мурожаатлар асосан божхона назорати ва расмийлаштирувига доир бўлиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қизиқтирган саволларга божхона қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар асосида божхона хизмати ходимлари томонидан ўз вақтида малакали жавоблар берилиши таъминланмоқда. Бу йўлда эса прокуратура ва давлат божхона хизмати органлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг яқин кўмакчиси бўлишга ҳамиша шайлигига эътибор қаратилди.
Учрашув давомида иштирокчиларга тизимдаги коррупция ва тамагирлик ҳолатларига қарши курашишда жамоатчиликнинг ҳам фаол кўмаги зарурлиги, унга қарши биргаликда курашиш кераклиги, бу борада божхона, прокуратура ва солиқ органлари томонидан ҳар қандай амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилиши, куннинг исталган вақтида ушбу идораларнинг “Ишонч телефон”лари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбир сўнгида божхона иши ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш бўйича давлат органлари ҳар қандай кўмак беришга, коррупция ва бошқа ҳар қандай иллатларга қарши курашишда кенг ҳамкорлик қилиш муҳимлиги, бундан ҳар бир тадбиркорлик субъекти ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси манфаатдор эканлиги таъкидланди.
Бошқарма томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар ташқи иқтисодий фаолиятни янада ривожлантириш, тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш омилларига қаратилмоқда. Бу эса коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга хизмат қилиши шубҳасиз.
12.12.2018