Ўтказилаётган тадбирлар давомида рангли металл парчалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда.
Хусусан, куни кеча Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза этувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Чироқчи туманида тезкор тадбир ўтказилди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида шубҳа остига олинган Я.Т. бошқарувидаги Камаз русумли юк автомашинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганида шубҳа ўз тасдиғини топди. Автомашинага юкланган қум солинган халталар остига ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган рангли металл парчалари хуфёна яширилганлиги фош этилди.
Мўмай даромад кўришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган фуқаро А.Н.га тегишли мазкур металл парчаларининг ҳар бир килограмини ҳеч қандай тегишли рухсатномага эга бўлмасдан туманда истиқомат қилувчи фуқаролардан 12-15 минг сўмдан сотиб олиб, 22-25 минг сўмга пуллашни режалаштириб қўйганлиги маълум бўлди.Аммо ўйланган режа амалга ошмади ҳамда жами оғирлиги 815 килограммни ташкил этган мис вақтинча сақловга топширилди.
Ҳозирда эса мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
10.12.2018