Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар нақд хорижий валюталарни яширинча олиб чиқилишини фош қилишди
1642
Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.
Божхоначилар нақд хорижий валюталарни яширинча олиб чиқилишини фош қилишди

Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.

Аммо, айрим шахслар томонидан мазкур тартибларга риоя қилмасдан туриб, нақд хорижий валюталарни ноқонуний равишда олиб чиқишга бўлган уринишлар ҳамон кўзга ташланмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг "Бекобод авто" чегара божхона пости орқали қўшни давлатга отланган фуқаро Б.Д. божхона ходимлари билан ўтказилган оғзаки савол-жавоб жараёнида ҳеч қандай ноқонуний товар-моддий бойликлари ёки белгиланган меъёрдан ортиқча нақд хорижий валюталари йўқлигини маълум қилди. Аммо ушбу шахс холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда эса у жами 20 000 АҚШ долларини пайпоқлари ичига яширган ҳолда қўшни давлатга ноқонуний равишда олиб чиқишга уринганлиги фош этилди.

“Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари республикамиздан пиёда равишда чиқиб кетаётган фуқаронинг қинғир қилмишларини ҳам фош этишди. Ушбу шахс йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 7900 АҚШ долларини олиб чиқиб кетишга уринган экан.

Мазкур пост ходимлари аниқлаган яна бир қонунбузилиш холатида эса  фуқаро Т.С.нинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганида, ушбу шахс эгнидаги курткаси ва шимининг чўнтакларига яшириб, нақд хорижий валюталарни олиб чиқмоқчи бўлганлиги фош бўлди. Натижада, божхона ходимининг оғзаки сўровда тақдим қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳолда 1200  АҚШ доллари ва 1 млн. 37 минг 500 қозоқ тенгесининг яширинича олиб чиқилши олди олинди.

Фуқаро А.Д. эса йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган 5000 АҚШ долларидан ташқари, эгнидаги курткасининг чап чўнтаги астари ичига 1250 АКШ долларини яшириб “Ғишткўприк” чегара пости орқали қўшни давлатга олиб ўтаётганлиги аниқланди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан хамкорликда “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда холда кириб келган А. М. тезкор кузатувга олинди.

Натижада, ушбу шахс божхона назоратидан ўтгандан сўнг паспорт назорати олдида ташмачи фуқаролардан ўзбек миллий валютасини йиғиб олаётган вақтида фош қилинди. Унинг қўл юклари холислар иштирокида кўздан кечирилганида ташмачи фуқаролар ёрдамида жами 27 млн. сўмни ноқонуний равишда қўшни давлатга олиб ўтаётганлиги маълум бўлди.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Фарход” чегара божхона постига пиёда холда кириб келган фуқаро Р.Н. шахсий кўрикдан ўтказилганда эса эгнидаги курткасининг ички чунтагида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилганидан ташқари яшириб, 10 млн сўмини қўшни давлатга олиб чиқиб кетаётганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

 

9.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг