Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Конституция ва "Темур тузуклари": азалий уйғунлик ифодаси
2488
Конституция ҳар бир демократик давлатнинг ҳуқуқий устуни ҳисобланиб, барча қонуности ҳужжатлар яратилишида асос бўлиб хизмат қилади. Қаерда қонунлар халқ манфаатларига хизмат қилса, адолат тамойиллари асосига қурилса, ўша юртда аҳоли фаровон яшайди.
Конституция ва

Навоий вилояти божхона бошқарасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишлаб “Конституция - ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати” мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам айни шу масалаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Шавкатжон Тўраев сўзга чиқиб, Ўзбекистон конституциясининг яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, унинг буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур салтанатининг бош қомуси бўлган “Темур тузуклари” билан узвий боғлиқлиги ҳақида фикр билдирди.

Амир Темур даврида яратилган бебаҳо мерос — «Темур тузуклари» ҳам ўша даврнинг ўзига хос қомуси эди. Асардаги бир-қанча фикрлар конституциямизда ҳам ўз аксини топган.

Масалан, Конституциямизнинг 11-моддасида «Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади», дея кўрсатилган. «Темур тузуклари»да эса ўз даври таомилига кўра, давлатни ҳокими мутлақ бошқарса ҳам, ўз даврига хос ҳокимиятларнинг бўлиниш принципи бўлгани, ҳар бир мансаб ва унвон эгаси ўз ваколати доирасида фаолият юритганини кўрамиз: «Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият, ҳар бири ўз лавозими ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади».

Конституциямизниг 15-моддасида «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади» дейилган. ­«Темур тузуклари»да ушбу принцип қуйидаги кўринишда келтирилган: «Давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам ушлаб турдим, Салтанат мартабасини тўра ва тузуклар асосида шундай сақладимки, унинг ишларига аралашишга ҳеч кимсанинг қурби етмасди».

Конституциямизнинг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципига мос бўлиши шарт» дея алоҳида келтирилган.

«Темур тузуклари»да эса: « Турку, тожик, арабу ажамнинг турли тоифа ва қабилаларидан бўлган ва менинг паноҳимга кирган кишиларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Қайси мамлакатни забт этган бўлсам, ўша ернинг обрў-эътиборлик кишиларини азиз тутдим; саййидлари, уламолари, фузало ва машойихига таъзим бажо келтирдим ва ҳурматладим; ўша вилоятларнинг улуғларини оға-иниларимдек, ёшлари ва болаларини бўлса, ўз фарзандларимдек кўрдим… Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим», дея таъкидланади. 

«Темур тузуклари»да фуқароларимизнинг бурчлари ҳақида ҳам эслатиб ўтилади: «Ҳар тоифа ва ҳар синфдан кимки ўз ихтиёри билан сипоҳгарчилик хизматига киришни истаса, уни аскарий (хизматга) олсинлар. Асил ва шижоатли сипоҳийзода қайси тоифадан бўлмасин, унга ўрин бекриб, қилган хизматига ва ишига яраша тарбият қилсинлар». Ушбу сатрларни Бош қомусимизнинг 52-моддасида учратиш мумкин: «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ва муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар»

Шу боисдан ҳам бош қомусимиз ва соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг «Темур тузуклари»ни ўқиш, уқиш, маъно-мазмунини чуқур англаб етиш ҳар бир шахснинг, айниқса зиёли инсоннинг фуқаролик бурчидир.

Навоий вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

7.12.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг