Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти “Дўстлик” чегара-божхона пости фаолиятига оид тарқалган видеолавҳа юзасидан муносабат
4057
Жорий йилнинг 8 апрель куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолавҳада гўёки божхона ходимлари томонидан ушбу пост орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсларнинг қўл юкларини олиб ўтишда тўсқинлик қилинганлиги баён этилган.

Ушбу ҳолат вилоят божхона бошқармасининг тегишли таркибий тузилмалари томонидан зудлик билан ўрганиб чиқилиб, аниқлик киритилди.

Маълумки, “Дўстлик” чегара божхона пости сутканинг 24 соати мобайнида жисмоний шахслар ҳамда автотранспорт воситалари учун хизмат кўрсатувчи халқаро мақомдаги божхона пости ҳисобланади.

Ушбу видеолавҳада акс этган ҳолатда Қирғизистон Республикасига бориб қайтаётган ҳамда маиший техника (телевизор, музлатгич, чангютгич, миксер, вентелятор, ва бошқа) товарларини ташиш билан шуғулланувчи айрим фуқаролар томонидан постга кириш авто ҳамда фуқаролар йўлаклари тўсиб қўйилганлиги натижасида бошқа йўловчи фуқаролар ва автоуловлар ҳаракатланиши учун ноқулай вазият юзага келтирилган.

Шундан сўнг, мазкур постда хизмат ўтаётган божхона ходимлари томонидан ушбу фуқароларга йўлакларни очиш бўйича қонуний талаб қўйилган бўлсада, айрим фуқаролар ушбу талабларга бўйсунмаган.

Натижада ходимлар томонидан ўтиш йўлакларини банд қилган товарлар постнинг божхона расмийлаштирув ҳудудига олиб кирилиб, йўлаклар очилган ҳамда қонуний талабларни бажармаган фуқароларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланган.

Шунингдек, божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча товарлар белгиланган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилгач, ўз эгаларига қайтарилган.

Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 октябрдаги 828-сон Қарори талабларига мувофиқ, маиший техника воситаларини 6 календар ой мобайнида бир донадан, шунингдек, мазкур қарор иловасига келтирилмаган ҳар бир номдаги товарларни 2 килограммгача, умумий миқдори 10 кг гача 1 календар ой мобайнида бир марта олиб киришга рухсат этилган.

Божхона органлари соҳа фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

9.04.2023

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг