Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
"Тошкент АЭРО" ИБКда долзарб мавзуда йиғилиш бўлиб ўтди
6380
«Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комплексида дипломатик корпус вакиллари, уларнинг қўл юки ва багажларини божхона назоратидан ўтказиш тартиб таомилларига бағишланган тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари Ж.Валиев, Ж.Пармонов, Ш.Ражабов, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари А.Турсунов, А. Эргашевлар, шунингдек, «Тошкент-АЭРО» ИБК шахсий таркиби, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Тошкент-товар» ва « Бош почтамт» ТИФ божхона постининг масъул ходимлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида «Тошкент-АЭРО» ИБК бошлиғи Ғ. Насиров йиғилишни очиб берди. Шундан сўнг кун тартибидаги масала бўйича Ташқи ишлар вазирлиги ходими Ш.Ражабов сўзга чиқиб, божхона постларида дипломатик корпус вакиллари ҳамда уларнинг қўл юки ва багажларини божхона назоратидан ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида тўхталди.

Жумладан, дипломатик корпус вакиллари уларнинг қўл юки ҳамда багажларини божхона назоратидан ўтказиш тартиботи Вена конвенциясига мувофиқ амалга оширилши, дипломатик корпус вакилларини маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш, ёхуд ушлаб туриш мумкин эмаслиги, улар билан мулоқот чоғида доимо хушмуомала бўлиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, дипломатик корпус вакиллари ҳамда уларнинг қўл юки ва багажларини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида муаммоли вазиятлар юзага келган тақдирда, постда фаолият юритаётган Ташқи ишлар вазирлиги ходимларини хабардор қилиш ҳамда ўз вақтида ваколатли органларга ахборот бериш шартлари тушунтириб берилди.

Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизмати ходими А.Эргашев сўзга чиқиб, дипломатик корпус вакилларига товарларни тижорат мақсадида олиб кириш таъқиқланганлиги, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиши таъқиқланган товарлар аниқланган вазиятларда далолатнома асосида вақтинча сақлашга олиниши, ҳамда Ташқи ишлар вазирлигига ахборот берилиши кераклигини таъкидлади.

Муҳокамалар қизғин давом этиб, йиғилишда иштирок этаётган божхона ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли соҳа вакилларидан керакли жавобларни олишди. Тадбир сўнггида «Тошкент-АЭРО» ИБК бошлиғи Ғ. Насиров ходимларга юзланиб, дипломатик корпус вакикллари билан ҳар қандай вазиятда хушмуомала бўлиш, божхона жараёнларида юзага келган муаоммоли масалалар бўйича халқаро аэропортда фаолият юритаётган Ташқи ишлар вазирлиги ходимларига мурожаат этиш ва ваколатли идораларга ахборот бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

"Тошкент АЭРО" ИБК
Ахборот хизмати

31.10.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг