Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Наманганда фармон тарғиботига бағишланган медиатур бўлиб ўтди
5781
Давлат божхона қўмитаси томонидан Наманган вилоятидаги “ART SOFT TEX” қўшма корхонасида тадбиркорлик субъектлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг афзалликлари: имконият ва қулайликлар” мавзусида медиа тур ташкил қилинди..
Наманганда фармон тарғиботига бағишланган медиатур бўлиб ўтди

Тадбирда 70 нафарга яқин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Наманган вилояти божхона бошқармаси бошлиғи М.Салиев очиб берди.

Тадбир аввалида Давлат божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Рустам Қобулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ваэкспортни қўллаб-қувватлаш,қўшимча ишчи ўринларини яратиш мақсадида, кенг кўламли ишлар олиб борилиб, тадбиркорларга бир қанча қулайлик ва енгиликлар яратилаётганини таъкидлади.

Рақамларга кўра, ўтган 2021 йилда ва 2022 йилнинг дастлабки ярми давомида Наманган вилоятида фаолият юритаётган 124 нафар тадбиркорлар томонидан 26,5 млн АҚШ доллар қийматидаги турли хил технологик асбоб ускуналар импорт қилинган. Бу товарни қайта ишлаш учун жуда катта имконият деганидир.

2022 йилнинг 6 ойи давомида Наманган вилоятида фаолият юритаётган 11 та ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан 15,6 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилиб, 5,7 млн. АҚШ долларига тенг қайта ишланган тайёр маҳсулотлар реэкспортга йўналтирилган.

Ушбу кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсган. 2021 йилнинг 6 ойи давомида Наманган вилоятида фаолият юритаётган 4 та ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан 902,9 минг АҚШ долларига тенг бўлган товарлар “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилиб, 1,26 млн. АҚШ долларига тенг қайта ишланган тайёр маҳсулотлар реэкспортга йўналтирилган.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилса, ушбу имкониятдан фойдаланган тадбиркорлар сони 7 тага, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига расмийлаштирилган товарлар қиймати 14,7 млн АҚШ долларига, қайта ишланган тайёр маҳсулотлар реэкспорти эса 4,44 млн АҚШ долларига кўпайган.

Лекин, мазкур кўрсаткичлар вилоятнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқилса, қониқарли деб бўлмайди.

Ривожланган мамлакатларнинг ташқи савдосида “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимининг ўрни юқори ҳисобланади.
Мисол учун, қайта ишланган маҳсулотларининг умумий экспортдаги улуши Хитойда 35 фоизни (872 млрд долл.), Европа Иттифоқида 10 фоизни (256 млрд долл.), Туркияда 41 фоизни (65 млрд долл.) ташкил этади.

Бу борада Ўзбекистонда ҳам мавжуд салоҳиятдан фойдаланиб, юқори кўрсаткичларга эришиш мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини қўллашни соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-115 сон Фармони муҳим рол ўйнамоқда.
Фармон билан товарларни қайта ишлаш операциялари рўйхати қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва ускуналарни модернизация қилиш хизматлари билан тўлдирилди.

Энг катта енгилликлардан бири мазкур жараёнларни амалга оширишда тадбиркорлар ҳеч қандай божхона тўловлари тўламайди.
Товарлар экспортида қўлланиладиган божхона йиғимлари ставкалари,имтиёз (шу жумладан,темир йўл тарифлари бўйича), преференциялар,субсидия ва компенсацияларни қайта ишлашдан ҳосил бўлган тайёр маҳсулотлар реэкспортига ҳам татбиқ этилмоқда.
Авваллари товарларни қайта ишлашнатижасида ҳосил бўлган маҳсулотларни реэкспорт қилганда тадбиркорларга енгилликлар бўлмаган. Биргина мисол,товарни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган маҳсулотни реэкспорт қилишда ташиш харажатининг 50 фоизикомпенцация қилиб берилади. Бундан бошқа енгиллик ва имтиёзлар ҳам мавжуд.

Товарларни қайта ишлашда мувофиқлик сертификати, санитария-эпидемиологик хулосаҳамда махсус иқтисодий зона иштирокчилари ва ваколатли иқтисодий операторлар томонидан божхона тўловлари таъминоти (суғурта полиси, банк кафолати, гаров шартномаси, кафиллик хати) талаб этилмайди.
Авваллари товарларни ушбу режимга расмийлаштиришдатовар импортида қандай ҳужжат талаб қилинган бўлса, шу ҳужжатларни божхона органига тақдим этиши лозим эди. Албатта бу тадбиркорларда қўшимча вақт ва маблағ сарфига олиб келган. Энди бу қийинчилик ва муаммолар ҳам тарихга айланди.
Шу вақтга қадар тадбиркор 1 та мувофиқлик сертификат олиш учун 2-3 кун муддат ва 20-30 АҚШ доллари, 1та СЭС хулосани олиш учун 4-5кун муддат ва 30-40 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаган.

Алоҳида таъкидлаш мумкин бўлган жиҳатлардан яна бири, қайта ишлашдан ҳосил бўладиган чиқиндиларни “эркин муомалага чиқариш”да божхона божи қўлланилмайди.

Вахоланки, бугунги кунга қадар, товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндиларни ички бозорга сотиш божхона божларини тўлаган ҳолда амалга оширилган.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шундаки, қайта ишлаш бўйича тайёр маҳсулотларнинг чиқиш меъёрларини тадбиркорлар томонидан белгиланиши жорий этилди.
Бугунги кунга қадар, қайта ишлаш маҳсулотларини чиқиш нормалари ваколатли орган томонидан амалга оширилиши белгиланган эди. Лекин, тадбиркорлар қайта ишланадиган товарлари бўйича ваколатли органни топа олмасдан вақт йўқотишарди.Энди эса ушбу ваколат тадбиркорларнинг ўзига берилди.

Эндиликда айнан бир хил турдаги товарларни қайта ишлаш бўйича, контрактлар сонидан қатъи назар, 2 йилдан кўп бўлмаган муддатга божхона органи томонидан умумий рухсатнома бериш тартиби жорий этилди.
Яна бир янгилик - хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, товарларни таъмирлашда тадбиркорларга қайта ишлаш рухсатномасини олиш талаб этилмайди.

Тадбир иштирокчиларига "Art Soft" кластери фаолиятига доир видеоролик намойиш қилинди.

Тадбирда тадбиркор, сенатор Анна Добрих иштирок этиб, "божхона ҳудудида қайта ишлаш" режимини қўллаш борасида ўз тажрибаси ҳақида сўз юритди, қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Фармонда тадбиркорлар учун яратилган бу каби енгиллик ва қулайликлар аксарият мамлакатларда мавжуд эмас. Шундай экан, бу каби имкониятдан унумли фойдалана билиш зарур.

Медиа турнинг бош мақсади ҳам тадбиркорларга ушбу қулайликларни яқиндан етказиш, журналистлар орқали кенг жамоатчиликка таништиришни назарда тутган эди.

Тадбир давомида “ART SOFT TEX” қўшма корхонаси ҳам ушбу имкониятларни ишга солиш юзасидан аниқ тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Тадбирда бир қатор телеканаллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ташқи савдо юкларининг халқаро автоташувларда ташиш жараёнида яратилаётган қулайликлар, муаммолар ва келгусидаги режалар юзасидан  ҳам маълумот берилди. Ушбу масала юзасидан ҳам саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Ўзаро жонли мулоқотларга бой тарзда ўтган медиа тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофилача жавоблар олишди.Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.

28.07.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг