Жорий йилнинг 20 июнь куни Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган Савдога кўмаклашув бўйича миллий қўмиталарнинг минтақавий йиғилиши доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон давлат идоралари ва бизнес вакиллари учун Грузия ва Латвия давлатларига виртуал танишув сафари уюштирилди.
Ушбу тадбирда Давлат божхона қўмитасининг бир гуруҳ ходимларидан иборат делегация ҳам иштирок этмоқда.
Яратилган видеоматериаллар ёрдамида иштирокчилар чегарадаги тартиботларни ўз кўзлари билан кўришди.
Тадбирга қўшилган Грузия ва Латвия божхона хизматлари вакиллари чегарадаги жараёнларни шархлаш асосида таҳлил қилиб беришди ва иштирокчиларнинг барча саволларига батафсил жавоблар беришди.
Бундай виртуал ўқув сафари келгусида Болтиқбўйи ва Кавказ илғор тажрибаларини тарғиб этишга ҳам қаратилади.
Ушбу виртуал ўқув сафари Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ), Европа Иттифоқининг BOMCA 10 ҳамда Латвия ва Грузия давлатларининг даромадлари хизматлари кўмагида амалга оширилди.
Ўқув сафари услубий тавсиялар билан бирлаштирилган махсус яратилган видеоматериаллардан иборат бўлди.
Марказий Осиёлик ҳамкорларга ушбу икки давлатга исталган қулай вақтда ташриф буюриш имконини берувчи тўлиқ материаллар тўплами тақдим этилди.
Гарчи ушбу виртуал формат ҳақиқий ўқув саёҳатларининг ўрнини босолмаса ҳам, иштирокчилар исталган вақтда исталган миқдордаги иштирокчилар билан машғулотларни ташкил этишлари мумкин.
Амалга оширилган ушбу ташриф, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларида давлат чегараларини назорат қилувчи органларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.
22.06.2022