Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона органларида сайёҳлар учун янги қулайликлар яратилмоқда
6717
Самарқанд халқаро аэропортида “Божхона органларида сайёҳлар учун яратилган янги қулайликлар” мавзусида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Божхона органларида сайёҳлар учун янги қулайликлар яратилмоқда

Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Файзуллаев, вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Нарзиқулов ва “Air Marakanda” МЧЖ бош директорининг ўринбосари Хилми Йилмазлар иштирок этиб, оммавий ахборот воситаларига ўз фаолиятлари тўғрисида ахборот бериб ўтишди.

Жорий йил бошидан вилоятга 114 та давлатдан 140 302 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган.

Саёҳлар учун жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 14 та меҳмонхона ва 28 та меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилди.

Самарқанд халқаро аэропортида янги терминал ишга туширилиши натижасида жорий йилнинг 1 апрелидан авиақатновларнинг халқаро йўналишлари бўйича парвозлар сони ҳафтасига 114 тагача, яъни 35 фоизгача кўпайди.

Авваллари мазкур аэропорт соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, янги бинода соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Аэропорт орқали мамлакатимизга ташриф буюрувчи меҳмонлар, туристлар ҳамда йўловчиларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортида илк бор “Масофавий божхона назорати” тизими жорий этилди.

Бунда йўловчилар республика ҳудудидан учиб кетишларида божхона хизматига бевосита дуч келмасдан, ҳатто божхона хизмати борлигини сезмасдан божхона назоратидан ўтишади.

Божхона ходимлари сунъий интеллектга асосланган ақлли камералар ва бошқа замонавий назорат техника воситалари ёрдамида ҳамда олдиндан тақдим қилинган маълумотлар хавфни бошқариш тизими орқали чуқур таҳлиллар асосида йўловчилар тоифаларга ажратиб олиниб, божхона назоратидан ўтказилади.

Ушбу тизим қуйидаги қулайликларни тақдим этмоқда:
- қонунга итоаткор ва ҳалол йўловчиларни тезкор тартибда пост орқали ҳаракатланишига имкон яратиб, вилоят ҳудудига туристлар оқимини кўпайишига;
- йўловчилар вақтининг тежалишига;
- аэропорт ҳудудида ҳаракатланишнинг енгиллашувига;
- қонунга итоат қилувчи йўловчиларнинг рағбатлантирилишига хизмат қилмоқда.

“Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали жорий йил бошидан 8 июнь кунига қадар 159 678 нафар йўловчилар ҳаракатланган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан йўловчилар сони 24 624 нафарга ёки 18,5 %га ошганини кўрсатади.

Матбуот анжуман давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига аэропортда йўловчилар учун яратилган шароитлар ҳамда божхона органларининг хизмат фаолияти билан яқиндан таништирилди.

9.06.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг