Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Марказий божхона лабораториясида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ва перекурсорлар экспертизаси йўлга қўйилди
6651
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Марказий божхона лабораториясида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ва перекурсорлар экспертизаси йўлга қўйилди

2021 йил ноябрь ойида мамлакатимизга ташриф буюрган Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби ва Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти томонидан Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий лабораторияси мақомини бериш бўйича тарихий ҳужжат имзоланди.

Марказий божхона лабораторияси божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш билан бирга, республиканинг хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, ички бозорга сифатсиз ва қалбакилаштирилган маҳсулотларнинг кириб келишининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.

Лаборатория ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида   ўтказилган 3494 та божхона экспертизалари натижасида 1370 та товар кодларини қўллашга доир хатоликлар аниқланди ва давлатимиз бюджетига 37 млрд. сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Жорий йилда ўтказилган экспертизалар сони ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 380 тага, аниқланган хатоликлар сони 149 тага, ҳисобланган божхона тўловлари 1,73 млрд сўмга кўпайган.

Энг муҳим янгиликлардан бири 2022 йил май ойидан эътиборан Марказий божхона лабораториясида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар ва перекурсорлар экспертизасини амалга ошириш ҳам йўлга қўйилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга экспертлик фаолияти соҳасида пулли божхона экспертизаси, сертификатлаш билан боғлиқ бўлган илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини кўрсатиш бўйича қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан товарларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича таснифлаш юзасидан дастлабки қарор қабул қилиш хизмати кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўзида тадбиркорлар учун          1,5 мингдан зиёд дастлабки қарорлар қабул қилинди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 400 тага кўп демакдир.

Яна бир янгилик - Ўзбекистон Республикаси тарихида илк маротаба Ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатурасининг 2022 йил таҳририни вазирлик ва идораларнинг мутахассислари томонидан давлат тилига таржима қилиш йўлга қўйилди ва бу ишлар ҳам Марказий божхона лабораторияси томонидан мувофиқлаштирилмоқда. Бу эса келгусида божхона юк декларациларини давлат тилида тўлдиришга ҳам кенг имконият ва рағбат беради.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси 2020 йилда “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида”ги Халқаро конвенцияга, яъни Киото конвенциясига қўшилган.

Мазкур конвенция талабларидан келиб чиқиб, эндиликда божхона органи товарларнинг лаборатория таҳлили, батафсил техник ҳужжатлар ёки эксперт хулосаси зарур деган қарорга келганда, бундай экспертиза натижалари олингунга қадар товарларни чиқариб юбориш амалиёти жорий қилинди.

Бунинг учун Давлат божхона қўмитаси Раисининг қарори билан “Дастлабки, даврий ва тўлиқ бўлмаган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартиришлар киритилди, мазкур ўзгартиришлар 2022 йил 10 февралда Адиля вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.

Амалда божхона органлари томонидан тайинланган экспертизани кўриб чиқиш учун йигирма иш кунигача бўлган муддат талаб этилади.

Энди эса Хавфни бошқариш тизими орқали экспертиза тайинланган товарларни импортга расмийлаштириш учун тадбиркорлар экспертиза натижаларини кутмасдан,  тўлиқ бўлмаган божхона юк декларациясини тақдим этган ҳолда юкларини божхона омборидан олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Бу эса тадбиийки, тадбиркорларнинг вақти ва харажатларини тежаш имконини беради.

Жорий йил май ойида Марказий божхона лабораторияси ходимлари Жаҳон божхона ташкилотининг 60-сессиясида онлайн тарзда иштирок этишди ҳамда Товарларни таснифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими бўйича Халқаро конвенция иловасига қўшимчалар киритиш бўйича таклиф билдиришди.

Яъни, Уйғунлашган тизим бўйича кўп мақсадда фойдаланиладиган косметик воситаларининг таснифланиши (ТИФ ТНнинг 33 ва 34 гуруҳи) Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлари ўртасида турлича талқин этилмоқда.

Марказий божхона лабораторияси ходимлари томонидан ушбу турдаги товарларнинг таснифланиши бўйича ўтказилган таҳлиллар натижасида амалиётда учраётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва Жаҳон божхона ташкилотининг сессиясида кўриб чиқиш учун тақдим қилинди. 

Ўз ўрнида сессия иштирокчилари томонидан мазкур таклиф тўла қўллаб-қувватланди ҳамда Товарларни таснифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизим Халқаро конвенцияси иловасига қўшимчалар киритишга келишиб олинди.

7.06.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг