Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Айни шу қоидани ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳам қўлласа бўлади. Яъни ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун уларнинг аянчли оқибатини, ҳар қандай ғайриқонуний қилмиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлишини кенг жамоатчиликка тушунтириш, профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бу борада 2014 йилнинг 14 майида қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун муҳим аҳамиятга эга.
Иштихон тумани “Бахрин” маҳалла фуқаролари йиғинида бўлиб ўтган учрашувда ҳам бу қонунга яна бир бор урғу берилди. “Самарқанд аэропорт” чегара божхона пости ходимлари, маҳалла фаоллари ва ёшлари ҳамда туман “Ёшлар иттифоқи” етакчилари иштирок этишди.
Тадбирни “Бахрин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Жуманазаров кириш сўзи билан очиб, тадбир мавзуси ва мақсади юзасидан ўз фикрларини билдирди. Давлат чегаралари орқали товар-моддий бойликларни чиқиб кетишини, гиёҳвандлик, қурол-яроқ, портловчи воситаларни ҳамда бошқа турдаги маҳсулотларни ноқонуний кириб келишини олдини олишда божхона органларининг хизмати тўғрисида гапириб ўтди.
Шундан сўнг “Самарқанд аэропорт” чегара божхона пости смена бошлиғи С.Джиянов сўзга чиқиб, божхона қоидабузарлиги соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳамда соҳасида бўлаётган янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, “Самарқанд аэропорт” чегара божхона пости томонидан 2018 йилнинг шу кунига қадар жами 102 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича 426,9 млн. сўмлик товар-моддий қимматликлар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Эътиборлиси шундаки, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг барчаси айнан “яшил йўлак”ни танлаган йўловчилар томонидан содир этилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликдан 4 таси – вояга етмаган шахслар порнографияси ҳамда таъқиқланган диний ақидапарастлик мазмунидаги материлларни Республика ҳудудига олиб ўтишга уриниш ҳолатларини ташкил этиб, мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Шунингдек, 8 та ҳолатда 577,22 грамм заргарлик буюмлари, 9 та ҳолатда тиббий амалиётда фойдаланишга яроқсиз бўлган 1510 дона дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 69 та холатда 8119 та порнографик мазмундаги ва шафқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотлар, 50 дона патрон гильзаларини ҳам айнан “яшил йўлак” ниқобида қонунга хилоф равишда олиб кирилишида фош этилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона тартиб қоидаларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишлар юритилган.
Халқимизда, “Дардни яширсанг, иситмаси ошкор қилар” – деган доно гап бор. Шундай экан яратилган имконият ва қулайликлардан тўғри фойдаланишимиз, қонунларни ҳурмат қилишимиз лозим бўлади.
Тадбирда божхоначилар йиғилганларга одам савдосига қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 463-сон Қарорига кўра жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланганлиги ҳақида батафсил маълумот бериб ўтишди.
Бундан ташқари кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича ҳам фикр мулоҳазалар бўлиб ўтди. Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоблар олишди.
Учрашув якунида маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Жуманазаров барчани хушёрлик ва сергакликка чақириб, бугунги йиғилишдан тўғри хулоса чиқаришга, туман ва маҳаллада одам савдоси билан шуғулланишга мойил шахслар учраганида ёки божхона соҳаси билан боғлиқ саволлар туғилганида Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
7.07.2018