Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари Ўзбекистонда
6829
Божхона маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқиш, божхона соҳасининг энг долзарб мавзуларида семинар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, илғор рақамли божхона технологияларини қўллаш борасида хориж тажрибасини кенг имплементация қилиш мақсадида халқаро ташкилотлари билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари Ўзбекистонда

Жумладан, 2021 йил ноябрь ойида мамлакатимизга ташрифи доирасида Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриа ҳамда Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов ўртасида имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ мазкур ташкилотнинг халқаро экспертлари иштирокида турли семинар-тренинглар, амалий машғулотлар ташкил қилиш анъанага айланди.

Жорий йилнинг 30 май – 3 июнь кунлари Жаҳон божхона ташкилотининг Божхона аудити котибияти раҳбари Шинго Танагами ва мазкур ташкилотнинг халқаро эксперти Абдул Рахман Фатима мамлакатимизга ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида божхона аудитини халқаро стандартларга мувофиқ жорий этишнинг ҳозирги ҳолати билан яқиндан танишди.

Меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Н.Мусамухамедов сўнгги йилларда мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз бошчилигида божхона соҳасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жумладан, илгари амалиётда кузатилмаган божхона аудити институтининг жорий қилинганлиги республикамизда ташқи савдони соддалаштириш орқали унинг ҳажмини оширишга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Шундан сўнг Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида халқаро экспертлар итширокидаги 5 кунлик семинарга старт берилди. Машғулотларда божхона органларида божхона аудити йўналишида фаолият юритаётган ходимлар иштирок этиб, ўз билим ва малакаларини оширишди.

Семинарда асосий эътибор халқаро стандартлар асосида божхона аудитини ташкил этиш, уни ўтказиш, божхона аудитидан ўтказиладиган шахсларни хавф даражаларига кўра танлаб олиш, маълумотларни таҳлил қилиш, тадбиркорлик субъектларининг божхона қонунчилиги тўғрисида билимларини оширишнинг ўзига хос хусусиятларини ўрганишга қаратилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистонинг бу борадаги тажрибаси халқаро стандартлар миқёсида таҳлил қилинди.

Шунингдек, божхона аудитининг институционал асоси, концепцияси, сиёсати, “Божхона аудити” автоматлаштирилган ахборот тизимнинг жорий ҳолати, тузилмаси, мавжуд муаммолари ва истиқболдаги режалари кўриб чиқилди.

Семинар давомида халқаро экспертлар томонидан божхона аудити тизими халқаро савдони енгиллаштириш ва мамлакат ташқи савдо айланмаси хажмининг ошишга хизмат қилиши, тадбиркорлик субъектларининг ўз-ўзини баҳолаш даражаларнинг ошишига, божхона ва бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланишига ёрдам бериши таъкидланди.

Шунингдек, халқаро экспертлар томонидан божхона аудити миллий тизими халқаро стандартларга мос келиши ва қисқа даврда амалга оширилган чора-тадбирлар юксак баҳоланди.

5 кунлик семинар божхона маъмуриятчилигида янги ташкил қилинган божхона аудити миллий тизимини янада ислоҳ қилиш, халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, божхона ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш учун янгидан янги таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга хизмат қилди.

Мамлакатимизга ташрифи доирасида Жаҳон божхона ташкилотининг нуфузли халқаро экспертлари Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Aркбулок” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости фаолияти билан танишди.

Хусусан, халқаро экспертларга божхона постида божхона расмийлаштируви жараёнлари, электрон ҳужжат намуналари, хавфларни бошқариш тизими доирасида товарларни хавф йўлакларига тақсимоти таништирилди, шунингдек ТИФ иштирокчиларининг божхона қонунчиликларига оид билимларини оширишга қаратилган эслатмалар, қўлланмалар, видеороликлар кўрсатилди.

Экспертлар томонидан божхона расмийлаштирувида хавфларни бошқариш тизимини қўллаш, божхона юк декларацияларини расмийлаштириш, божхона органларига тақдим этиладиган электрон маълумотлар бўйича олиб бораётган ишларини юқори баҳолашди.

Ташриф якунлари бўйича халқаро экспертлар томонидан ТИФ иштирокчиларининг ўзини-ўзи баҳолаш, тадбиркорларга божхона тартиботлари тўғрисида тушунчалар бериш, уларнинг божхона қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиш даражасини ошириш мақсадида божхона расмийлаштирувини амалга оширадиган божхона пости ва божхона аудити тузилмалари ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз тавсияларини беришди.

6.06.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг