Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси Раиси бошчилигидаги делегация Озарбайжон Республикаси Баку шаҳрида бўлиб қайтди
6696
Жорий йилнинг 31 май - 4 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Озарбайжон Республикаси божхона хизмати фаолияти билан яқиндан танишиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Баку шаҳрида бўлиб қайтди.

Ташриф аввалида меҳмонлар Баку шаҳридаги Шаҳидлар хиёбонида бўлишди ҳамда Озарбайжон Миллий лидери Ҳайдар Алиев мангу кўним топган маскандаги ёдгорлик пойига гулчамбар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.

Ташрифнинг асосий тадбири Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов ва Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раҳбари Сафар Мехтиевларнинг икки томонлама учрашуви бўлди. Учрашувда Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг соҳавий бошқармалари раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Учрашувда божхона назорати тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона соҳасини рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, инфратузилмани яхшилаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, божхона маъмуриятчилигининг илғор усулларини жорий қилиш, масофавий электрон декларациялаш маркази фаолиятини ўрганиш, ҳавфларни аниқлаш методологияси, кинология соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш каби ўнлаб масалалар атрофилча муҳокама қилинди.

Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Раиси Сафар Мехтиев сўнгги йилларда икки давлат божхона хизматлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши, давлатлар ўртасида савдо алоқаларининг яхшиланиши натижасида савдо айланмаси кўрсаткичлари икки баробарга ўсганлигини қайд этди.

Учрашувнинг амалий натижаси сифатида икки мамлакат божхона хизмати раҳбарлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик режаси имзоланди.

Амалий ташриф доирасида Давлат божхона қўмитаси Раиси бошчилигидаги делегация Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона академияси фаолияти билан яқиндан танишишди.

Озарбайжон Божхона Акадаемияси ва Ўзбекистон Божхона институти ўртасидаги илмий-педагогик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур олий ўқув юрти билан Божхона институти ўртасида 2021 йилнинг ўзида 5 маротаба турли онлайн маъруза ва машғулотлар ўтказилган.

Маълумот учун айтиб ўтиш керакки академия 2014 йилда Озарбайжон Республикаси Президенти Фармонига асосан таъсис этилган бўлиб, 2016 йилдан ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда академияда 500 га яқин ўқувчи тахсил олаётган бўлиб, уларнинг 35% аёлларни ташкил этади.

Академия раҳбари Гули Наврузов ўзбек делегациясини кутиб олар экан мазкур ташкилотнинг яратилиши, фаолияти ва эришилган ютуқлари хакида сўзлаб берди.

Амалий ташриф давомида Давлат божхона қўмитаси Раиси бошчилигидаги делегация Жаҳон божхона ташкилотининг Институционал ривожланиш бўйича минтақавий маркази билан ҳам яқиндан танишди.

Жаҳон божхона ташкилотининг Институционал ривожланиш бўйича минтақавий маркази биноси 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, расмий очилиши 2011 йилда бўлиб утган.

Марказ раҳбари Есер Ценгел ташкилот фаолияти ва натижалари ҳақида иштирокчиларга гапириб берди.

Ташрифнинг иккинчи кунида меҳмонлар Баку бош божхона бошқармасида бўлиб, бу ердаги божхона фаолиятининг ишлаш принциплари ва товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиблари билан яқиндан танишишди.

Бошқармадаги “Нишон” маркази ҳамда фаолиятга тадбиқ қилинган “Ягона дарча” ахборот тизими ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

Бошқармада ташқи савдо иштирокчиларининг божхона юк декларациялари электрон равишда божхона органларига тақдим этилади, юкларни идентификация қилиш ва божхона назоратининг барча босқичлари замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Баку божхона бошкармаси таркибида 8 та божхона пости мавжуд. Булар, юк автотранспорт воситаларини расмийлаштиришга ихтисослашган «Ипак йўли», темир йўл орқали келган юклар расмийлаштирувига ихтисослашган «Апширон» ва «Хырдалан», хўл мева товарларини расмийлаштиришга ихтисослашган «Хоцасан», ҳаво йўллари орқали келган юклар расмийлаштирувига ихтисослашган «Хесла», темир йўл станциясига бириктирилган чегара «Карадаг», «Билежер» ва «Сахил» автомобиль чегара божхона постлари мавжуддир.   

Ташрифнинг 2-қисмида делегация аъзолари Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) “Марказий Осиёда савдони енгиллаштириш” минтақавий дастури доирасида мазкур божхона постлари, Баку бош божхона бошқармаси таркибида мавжуд бўлган 16 та шуъбалар, ДБҚ марказий биносида жойлашган «Таргетлаш маркази», «Хаво йўллари» бошқармаси фаолияти, почта ва куръерлик жўнатмалари, «Smart customs» мобиль иловаси, Озарбайжон Республикаси божхона идораларининг ахборот тизимлари, «Хавфларни бошқариш» ахборот тизими билан яқиндан танишишди ва келгусида амалиётга қўллаш мақсадида илғор халқаро тажрибани ўрганишди.

 

 

 

6.06.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг