Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона коррупциядан ҳоли тизимга айланади
6856
Бугун демократик жамиятимизнинг долзарб масалаларидан саналувчи коррупция иллатига қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, уни томири билан йўқ қилиш йўлидаги ишлар изчиллик билан давом эттирилиб, унга қарши ҳаракатларнинг ҳуқуқий асоси такомиллаштирилмоқда.
Божхона коррупциядан ҳоли тизимга айланади

Божхона тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва белгиланаётган нормалар асосида янада юқори босқичга олиб чиқилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 апрелдаги “Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан ҳам божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш мақсад қилинган.

Фармон доирасида божхона органларига кадрларни очиқлик вa шаффофлик тамойиллари асосида танлаш ҳамда танлов жараёнларининг натижаларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида эълон қилиб бориш, бир божхона постида уч йилдан ортиқ хизмат ўтаган ходимларни ротация қилиш тартибини жорий этиш; халқаро стандартларга мувофиқ комплаенс назорат тизимини тўлақонли ишга тушириш ҳамда ушбу тизим бўйича ходимларнинг билим ва малакасини ошириб бориш; божхона юк декларацияларини «Масофавий электрон декларациялаш» божхона постларида расмийлаштириш тартибини жорий қилиш; божхона органларида коррупцион хавфларни бошқариш автоматлаштирилган тизимини яратиш, шунингдек, божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш амалиётини босқичма-босқич жорий этиш вазифалари белгиланди.

Ушбу белгиланган нормаларнинг барчаси божхона расмийлаштируви ва назорати жараёнида инсон омилини минималлаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва божхона ходимлари ўртасидаги бевосита мулоқотнинг олдини олиб, коррупцион факторларни йўқ қилишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўлими томонидан ҳам коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўрилиб, ходимлар томонидан коррупция ва бошқа қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида ходимларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирокида учрашув ўтказилиб, антикоррупцион мазмундаги огоҳлантириш хатлари ҳамда интизомий жазоси мавжуд бўлган 2 нафар ходимнинг ота-онаси ва оила аъзоларига индивидуал шаклдаги огоҳлантириш хатлари юборилган.

Шунингдек, шахсий таркибни хизмат ва ижро интизомига риоя қилиши, улар томонидан салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида, бошқарма ходимлари иштирокида 41 маротаба умумий-профилактика тадбирлари, 148 нафар ходимлар билан якка тартибдаги тарбиявий-профилактика суҳбатлари, 47 маротаба хуфёна текширувлар ўтказилиши таъминланди.

Текширувлар натижасида хизмат вазифасини бажариш давомида камчиликларга йўл қуйган 4 нафар ходимлар интизомий жазога тортилди.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки улар томонидан коррупцион ҳолатлар содир этишга ундаш ҳолатлари тўғрисида Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамига, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик бўлимининг (61) 224-90-81 рақамли ва Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг (61) 224-90-86 ишонч телефонларига мурожаат этишингиз мумкин.

 

4.06.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг