Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Маъмурий ишларни электрон шаклда кўриш амалиёти бўйича янгича тартиб жорий қилинмоқда
6928
Бу ҳақда Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ўтказилган ўқув семинарда батафсил сўз борди.
Маъмурий ишларни электрон шаклда кўриш амалиёти бўйича янгича тартиб жорий қилинмоқда

Божхона ходимлари ва судьялар иштирок этган мазкур даврада асосий эътибор  божхона органлари томонидан хукуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни судларга юборишда амалдаги қоғoз кўринишдаги тартибидан воз кечган ҳолда фақат электрон шаклда юбориш амалиётини жорий этиш масаласига қаратилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 июлдаги “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишнинг электрон тизимини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида”ги 431-сон қарорида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни электрон шакллантириш назарда тутилган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг "E-XSUD" ахборот тизими Ички ишлар вазирлигининг "E-ma'muriy ish" тизими билан интеграция қилинган.

Ўз навбатида, Давлат божхона қўмитаси томонидан 151 дона электрон рақамли имзо (бармоқ изи)ни қайд этиш қурилмалари харид қилиниб, барча худудий тузилмаларга тақсимланган ҳолда тизимга уланиши таъминланди ҳамда маъмурий баённомаларни электрон тузиш имконияти яратилди.

Яқинда Давлат божхона қўмитаси томонидан маъмурий хукуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни судларга фақат электрон шаклда юбориш амалиётини жорий этиш бўйича Олий суд билан келишувга эришилди.

Шундай қилиб, 2022 йилнинг 1 июнидан бошлаб, Давлат божхона қўмитасининг барча худудий бошқармалари томонидан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни судларда кўриб чиқишнинг янги тартиби жорий этилади.

Шунингдек йиғилишда маъмурий ишларни электрон тартибда кўрилишининг афзалликлари, хусусан фуқароларнинг ортиқча сарсон бўлмаслиги, ишларни тез ва сифатли кўрилиши натижасида адолатли қарорлар қабул қилиниши, қоғозбозликка йўл қўйилмаслиги ва бошқа қулайликлар фуқароларнинг ҳуқуқларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қилинишига ёрдам берувчи омиллар сифатда таъкидлаб ўтилди.

 

28.05.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг