Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқандлик божхоначилар “Очиқ мулоқот” кўрсатувида қатнашишди
1662
Жойларда халқ дардини тинглаш, уларни қийнаб келаётган муаммолардан хабардор бўлиш, бу муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, кенг жамоатчиликнинг соҳага оид саволлари ҳамда таклифларига бағишланган Самарқанд вилояти телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” теледастури орқали тўғридан-тўғри кўрсатув ташкил этилди.
Самарқандлик божхоначилар “Очиқ мулоқот” кўрсатувида қатнашишди

Унда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, таркибий тузилмалардан бўлим ва гуруҳ ходимлари иштирок этди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, божхона хизмати полковниги Э.Салихов божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий йўналишлар бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Шу жумладан, Мурожаатномада Президентимиз таъкидлаганидек, “Халқ давлат органлари учун эмас, давлат органлари халқ учун хизмат қилиши лозим” ғояси остида хизмат фаолияти ташкил этилиб,  асосий эътибор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш ҳамда уларнинг таклифлари асосида божхона тартиботларини соддалаштириш ва шаффофлигини оширишга қаратилди.

Жумладан, хорижий сайёҳларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, Республикамизнинг халқаро аэропортлари каби Самарқанд халқаро аэропортида ҳам “яшил” ва “қизил” йўлаклар тизими жорий этилди. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби соддалаштирилди, улар томонидан  товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлари оширилди.

Кўрсатувда яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5582-сон Фармони мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, Фармон билан хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимига қуйидагилар тўлиқ режимда жорий этилади.

2018 йил 1 декабрдан бошлаб:

«сариқ йўлак», бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;

«қизил йўлак», бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;

2019 йил 1 мартдан бошлаб:

«яшил йўлак», бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситаларини чиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди;

«кўк йўлак», бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

Фармон билан божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда божхона терминалларини қуриш тармоқ жадвали тасдиқланди. 

Шунингдек, Фармон билан барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини давлат божхона органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинди.

Тўғридан тўғри эфир давомида фуқаролардан студияга келиб тушган юзлаб саволларга таркибий тузилмалар масъул ходимлари томонидан Божхона кодекси ҳамда божхона қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда тўлиқ жавоблар берилди.

Фуқаролар томонидан асосан, чет давлатдан автотранспорт воситалари олиб кириш тартиби, мева-сабзавотларнинг экспорти, чегара божхона постлари орқали товарларни олиб ўтиш нормалари ҳамда божхона органларига ишга кириш тартиби тўғрисида кўплаб саволлар келиб тушди.

Очиқ мулоқот якунида бу каби мулоқотлар давомий бўлиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришлари учун бошқарма эшиклари ҳамма вақт очиқлиги, ҳар бир мурожаат ўз вақтида ва юқори савияда кўриб чиқилиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, фуқаролар томонидан берилган барча саволларга жавоблар бошқарманинг тегишли бўлимлари томонидан ёзма равишда ҳам йўлланиши алоҳида назоратга олинади.

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

30.11.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг