Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Илхом Мухторов Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Фелицитас Зик билан учрашди.
6973
Жорий йилнинг 25 май куни Давлат божхона қўмитасида Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Фелицитас Зик билан учрашув бўлиб ўтди. Фелицитас Зик хоним 2019 йил ноябрь ойидан “Марказий Осиёда савдони енгиллаштириш” минтақавий дастурига бошчилик қилиб келмоқда.

Учрашувда Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Давлат божхона қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ва келгусидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Меҳмонларни ташриф билан қутлар экан, И.Мухторов божхона тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштириш йўналишида Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти етакчи мутахассисларининг ўрни беқиёслигини алоҳида эътироф этди.

Давлат божхона қўмитаси ва Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасидаги ҳамкорликни энг барқарор ва муваффақиятли ҳамкорлик сифатида баҳолади.

Сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик доирасида 30 дан ортиқ семинар, тренинг ва амалий машғулотлар ўтказилиб, уларда 60 дан ортиқ божхона ходимлари иштирок этган.

Учрашув давомида “Яллама” чегара божхона постидаги “транспорт назорати” тизими учун GIZ томонидан кўрсатилиши режалаштирилган амалий ёрдам масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Давлат божхона қўмитаси 2020-2022 йилларга мўлжалланган “Марказий Осиёда савдони енгиллаштириш” минтақавий дастурида фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ишлар олиб борилмоқда:

- чегарани кесиб ўтишда товарларни расмийлаштиришда хавфларни бошқариш тизимини жорий этиш;
- транзитнинг соддалаштирилган тартибларини қўллаш;
- савдони енгиллаштириш сиёсатини ишлаб чиқишда хусусий секторнинг иштирокини таъминлаш;
- савдони енгиллаштириш бўйича инновацион чора-тадбирларнинг пилот лойиҳаларини қўллаш.

Жорий йилнинг 18 май куни Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона постида Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона хизматлари ўртасида товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида олдиндан маълумотлар алмашинув тизимини йўлга қўйишда агентлик томонидан кўрсатиладиган амалий ёрдам масалалари муҳокама қилинди. Ушбу учрашув ҳам самарали ҳамкорликнинг ёрқин натижаси десак муболаға бўлмайди.

Шунингдек, учрашувда И.Мухторов Фелицитас Зик хонимга ва бутун Германия халқаро ҳамкорлик жамиятига Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси номидан фаол ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб, ушбу самарали ҳамкорликни янги йўналишлар бўйича ҳам давом этишига ишонч билдирди.

Тадбир сўнгида Фелицитас Зик хонимга “Ўзбекистон божхона хизматига 30 йил” эсдалик нишони топширилди.

26.05.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг