Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхна хизмати органларида ташкил этилган маслаҳат кенгаши фаолияти ўрганилди
6924
Айни шу кунларда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенаторлар бошчилигидаги ишчи гуруҳ вазирлик ва идораларда ташкил этилган маслаҳат кенгашлари фаолиятини ўрганмоқда.

Ҳозирда 3 та кичик гуруҳга ажратилган Ишчи гуруҳ вакиллари 18 та йўналишдан иборат таҳлилий саволнома асосида ўрганишлар олиб бормоқда.

Жумладан Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурманова бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Давлат божхона қўмитасига ҳам ташриф буюриб қўмита фаолияти билан яқиндан танишди.

Ҳусусан, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича Маслаҳат кенгашлари фаолияти қай даражада ташкил этилганлиги, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг таъминланишига масъул ваколатли шахслар олиб бораётган ишлар қай даражада йўлга қўйилганлиги ўрганилди. Гендер масаласида тўпланган дастлабки тажрибалар, ушбу йўналишдаги фаолиятни такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди.

Бундан ташқари Маслаҳат кенгаши ходимлари билан суҳбатлар ташкил этилиб, давлат божхона хизмати органларида хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ўрганилди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 17 февраль куни Президентимиз ҳузурида божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифаларга қаратилган видеоселектор йиғилишида ҳам божхона органларига қатор вазифа ва топшириқлар юклатилди. Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари томонидан божхона тизимида аёлларнинг улуши бор йўғи 8 % ни ташкил этаётганлиги қайд этилди ва яқин 2 йил ичида ушбу кўрсаткични камида 2 баробарга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Тадбирда сўзга чиққан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Отабек Чориев ушбу топшириқ ижроси юзасидан тизимда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот берди.

Шунингдек, Давлат божхона қўмитаси Марказий аппарати Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича Маслаҳат кенгаши аъзоси Умида Пирмухамедова, тизимда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилиш давомида ҳудудий божхона бошқармаси ходимларига ҳам сўз берилиб, у ерда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланганлиги юзасидан суҳбат ўтказилди.

Йиғилишда иштирок этган ДБҚ Кадрлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Ачилов, ҳозирги кунда хотин-қизларни ишга қабул қилиш ҳолати, раҳбар аёллар заҳирасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар, уларнинг касбий тайёргарлигини ошириш бўйича ташкил этилаётган ўқишлар ва аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништирди.

Йиғилиш сўнгида О.Мусурмонова давлат божхона хизмати органларида гендер тенглик масалаларига кўрсатилаётган эътиборни, яратилаётган шароитларни  мамнуният билан қайд этиб, тизимда хизмат олиб бораётган аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича “Раҳбар аёлларнинг компетенциялари” мавзусида семинар-тренинг ўтишга тайёр эканлигини билдирди.   

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ вакиллари ДБҚ Марказий аппарати ва унинг худудий бошқармаларида хотин-қизларга яратилган шарт-шароитлар, жумладан, спорт заллари, ахборот-ресурс марказлари, электрон тир, "Божхона тарихи" музейи фаолияти билан яқиндан танишди.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, вазирлик идоралардаги маслаҳат кенгашлари Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ташкил этилган.

Айни вақтда ишчи гуруҳларнинг ўрганишлари давом этмоқда. Ушбу ўрганишлар 30 май кунига қадар давом этади.

21.05.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг