Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
6970
Давлат божхона қўмитаси 2022 йил 11 май куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “божхона органларининг базавий дастурлари бир неча кундан буён ишламаётганлиги” ҳақидаги хабарга муносабат билдиради.

Кўп йиллардан бери амалиётда товарларнинг божхона расмийлаштируви электрон шаклда амалга ошириб келинмоқда. Бунда ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчилари экспорт-импорт тартибидаги товарларига тегишли божхона юк декларацияларини (БЮД) ed1.customs.uz, ed2.customs.uz ва my.gov.uz веб-саҳифалари орқали Давлат божхона қўмитасига тақдим этишади.

Рамазон ҳайтии муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунлари ва 9 май – Хотира ва қадрлаш кунидан сўнг божхона органларига тақдим этилган БЮДлар сони кескин ортди. Жумладан, 10-11 май кунлари декларацияловчи шахслар томонидан божхона органларига 11,4 мингдан зиёд БЮДлар келиб тушган.

Декларацияларнинг асосий қисми сутканинг соат 11.00 дан 15.00 гача бўлган оралиғида тақдим қилинган. Бир вақтнинг ўзида тизим орқали минглаб БЮДларнинг тақдим қилиниши эса ахборот узатишнинг секинлашувига олиб келиши мумкин.

Вахоланки, божхона органларига байрам ва дам олиш кунларида ҳам БЮДларни тақдим этиш имкони мавжуд. Масалан, 2-3 май кунлари 952 та БЮД тақдим этилган ва расмийлаштирилган. 

10-11 май кунлари тақдим этилган БЮДларни автоматик рўйхатга олиш жараёнига ўртача 12 дақиқа сарфланган.

Амалдаги тартибларга кўра, рўйхатдан ўтган БЮДлар Хавфни бошқариш тизими томонидан йўлакларга ажратилади. Бунда хавф даражаси паст бўлган БЮДларнинг расмийлаштируви уч соат давомида, хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга бўлганда саккиз соат давомида ҳамда хавф даражаси юқори бўлганда, қонунчиликда белгиланган умумий муддатда расмийлаштирилади.

Мазкур жараёнларни янада тезлаштириш, расмийлаштирув вақтни сезиларли даражада қисқартириш мақсадида сервер қурилмаларини янада такомиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган материалларда камчиликлар ёки техник узилишлар айнан қайси ахборот тизимида кузатилгани очиқланмаган.

ДБҚнинг Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, жорий йил май ойи давомида божхона органлари томонидан онлайн равишда кўрсатиладиган электрон хизматлар ва ахборот тизимлари фаолиятида техник узилишлар кузатилмаган.

Фурсатдан фойдаланиб, ТИФ иштирокчилари божхона расмийлаштируви жараёнида бирон муаммога дуч келишса, сутканинг исталган вақтида ДБҚнинг узлуксиз фаолият юритувчи 120-76-00 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз. Шунингдек, Телеграмда махсус гуруҳ ташкил қилинган. https://t.me/singlewindowuz

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.

13.05.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг